Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида дарслар бошланди

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 сентябрдаги “Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Оқдарё тумани Даҳбед қўрғонида Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2020 йил 11 ноябрдаги 7-сонли баёни қарорига асосан, 2020-2021 ўқув йилида филиал бакалавриатининг 16 та таълим йўналишларига кундузги таълим шакли бўйича давлат буюртмасига кўра ўқишга қабул қилиш параметрлари тасдиқланди. Қарорга асосан филиалда мавжуд мос бакалавриат таълим йўналишларига Республиканинг бошқа таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар баллар кетма-кетлигида Давлат тест маркази томонидан сараланиб, талабаликка тавсия этилди.

Ушбу талабаликка тавсия этилганлардан 88 нафари давлат гранти, 254 нафари тўлов–шартнома асосида, жами 342 нафар талаба ўқишга қабул қилинди.

Филиалда агробиология, агробизнес ва логистика факультетларида 6 та кафедра мавжуд бўлиб, мазкур кафедраларда 40 дан ортиқ малакали педагог кадрлар талабаларга билим беради.

Олийгоҳда 2020-2021 ўқув йили жорий йилнинг 14 декабрь санасидан анъанавий тарзда “Биринчи курс мактаби” дарслари билан бошланди.

Бундан ташқари, 10-12 декабрь кунлари филиалда 11 та магистратура мутахассисликлари учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Имтиҳонларни мувафаққиятли топширганлар учун ўқув йили 2021 йилнинг январь ойидан бошланади.

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ахборот хизмати.