Фалсафада мактаб яратган олим

Унинг фалсафий-ахлоқий қарашлари асосан борлиқ, инсон табиати, ахлоқ ва жамият муносабатлари атрофида шаклланади. Унинг фалсафий тадқиқотларида диалектик ёндашув устунлик қилади, яъни у фалсафани фақат назарий тушунча сифатида эмас, балки ҳаёт билан узвий боғлиқ амалий соҳа сифатида кўради.
Гап ўзбек фалсафасида муҳим ўрин тутадиган донишмандлардан бири Бахтиёр Тўраев ҳақида бормоқда. Забардаст олим фалсафа тарихи, билиш назарияси, синергетика, мантиқ, ахлоқ, сунъий интеллект соҳаларидаги изланишларга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
Олим борлиқни фалсафанинг энг умумий ва универсал категорияси деб ҳисоблайди. У борлиқни моддий ва маънавий шакллар, реал ва нореал турлар, ўтмиш, ҳозир ва келажак кўринишларини ўз ичига олувчи тушунча сифатида таърифлайди. Унинг қарашларида борлиқ билан ҳаракат ажралмас бир бутунликни ташкил қилади, яъни борлиқ доимо ўзгариш ва ривожланиш жараёнида бўлади. Бу ёндашувда у табиий фанлар кашфиётларига, хусусан, космологик моделлар ва физика назарияларига таяниб, борлиқнинг моҳиятини очишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга, унинг тадқиқотларида инсоннинг борлиқ ичидаги ўрни ва у билан муносабати алоҳида эътиборга лойиқ.
Тўраевнинг ахлоқий қарашлари инсоннинг жамиятдаги роли ва масъулиятига қаратилган. У ахлоқни инсон табиатининг муҳим таркибий қисми сифатида кўради ва уни табиат, одат ва ақл каби омиллар билан боғлайди. Бу ерда у қадимий файласуф Арастунинг “уч омил одамларни яхши ва эзгу хислатли қилади: табиат, одат ва ақл” деган фикригa яқин туради, лекин ўз таҳлиллари билан буни бойитади. Тўраевга кўра, инсон табиат билан уйғунликда яшаши, ўзининг маънавий ва моддий борлигини тушуниб, унга мувофиқ ҳаракат қилиши керак. Ахлоқий тарбия эса инсонни комиллик сари етаклайдиган асосий йўл сифатида талқин қилинади.
Олим жамиятни маънавий-ахлоқий муҳит сифатида кўради. Унинг фикрича, жамиятнинг ривожланиши оила ва индивидуал ахлоқдан бошланади. Инсон ўз табиатига мувофиқ яшаш билан бирга, жамиятга фойда келтирадиган фаолият билан шуғулланиши лозим. Бу ерда у ўзбек халқининг анъанавий қадимий ахлоқий қарашларини фалсафий таҳлил билан уйғунлаштиришга интилади.
У жуда моҳир нотиқ ҳамдир. Унинг турли конференция ва анжуманларда, телевидение ва радиолардаги чиқишларини, ижтимоий тармоқлардаги суҳбатларини тинглаган ҳар қандай одам ўзига катта маънавий озуқа олади. Домла муайян мавзуда сўз юритар экан, масаланинг энг муҳим нуқталарини топиб, тизимли, таҳлилга асосланган ҳолда гапиради.
Домлани ўзи учун илм қилаётган, изланаётган зиёли деб бўлмайди, у кишини мудом ҳаётнинг энг жўшқин жабҳаларида, энг долзарб, замонга ҳамнафас мавзуларда босиқлик, лекин жонкуярлик билан мушоҳада юритаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Энг муҳими, ҳар доим халқимизнинг юрагида қалқиб турган, баъзан тил учида туриб, ботиниб айта олмаётган муаммо-масалаларни ниҳоятда зийраклик ва теранлик билан тилга олиб, жамоатчилик эътиборини мавжуд камчиликларга қарата олади. Миллат ва мамлакат ҳаётига дахлдор долзарб мавзуларнинг ечимлари бўйича ўзининг аниқ ва амалий таклиф-тавсияларини, интеллектуал муносабатини бериб боради. Шундай паллаларда домланинг буюк мутафаккирлар маънавий меросини ҳозирги кун нуқтаи назаридан чуқур ўргангани, сўнгги давр классик олимлар мактабини ўтагани сезилиб туради.
Шогирдлар борасида ҳам домлани бемалол бахтиёр устозлар қаторида санашимиз мумкин. Бугунги кунда олим етиштирган шогирдлар домла бошчилигида Самарқанд синергетика мактабини шакллантиргани барча-барчамизда ҳавас, илмга рағбат уйғотади.
Устоз Бахтиёр Тўраев илғор фалсафий-ахлоқий қарашлари билан фалсафа ва фан тарғиботчиси, ўз мактабини яратган олим сифатида замонавий ўзбек фалсафасига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг асарлари, хусусан, “Борлиқ (фалсафий таҳлил)” монографиясида, синергетикага доир тўпламларда бу қарашлар яққол намоён бўлади. У диалектик ёндашув билан табиий ва гуманитар фанларни бирлаштириб, борлиқ ва ахлоқнинг мураккаб муносабатларини очиб беради. Шу сабабли, унинг ижоди ўзбек фалсафаси тарихида муҳим ўрин тутади ва у мазкур муаммоларга ҳам амалий, ҳам назарий ёндашувни қўллашни таклиф этади.
Лазизжон Бахронов.
***
P/s: Забардаст олим Бахтиёр Тўраев шу кунларда ўзининг қутлуғ 75 ёшини нишонламоқда. Пайариқлик олимни ушбу табаррук ёши билан қутлаймиз.