Фарғоналик йигитнинг сирли ўлими бўйича расмий маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Қўқонда сирли ўлим қотиллари кимлар...” сарлавҳали мақола юзасидан Фарғона вилояти прокуратураси расмий баёнот берди.

2019 йил 16 сентябрда Қўқон шаҳар, Истиқлол кўчаси, 65-уйда яшаган Ф.Абдуназаровнинг ўз яшаш хонадонида тўсатдан вафот этганлиги ҳолати юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида марҳум Ф.Абдуназаровнинг ўлими тромбоз касаллиги, ўпка артерия қон томирларининг тромбоэмболияси оқибатида ўткир нафас ва юрак қон томир етишмовчилиги оқибатида келиб чиққанлиги кўрсатилган.
Шунингдек, марҳум Ф.Абдуназаров ҳаётлик вақтида тромбоз, ўпка артериясининг қон томири тромбоэмболияси билан касалланганлиги, айнан шу касаллик унинг ўлимига бевосита сабаб бўлганлиги баён этилган.

Марҳумдан олинган қон намуналари таркибидан дори воситалари топилмаган. Р.Турсунов ва Р.Иргашевлар 2019 йил 15 сентябрда ўртоғи Ф.Абдуназаров билан бирга соат 20:00 ларда кўришиб, бирга пиво ичиб ўтиришганлиги, Ф.Абдуназаров маст бўлиб қолганлиги сабабли соат 23:00 ларда Р.Турсунов уни яшаш хонадонига олиб бориб ташлаб келганлиги, Ф.Абдуназаров бирор бир дори воситаси истъемол қилмаганлигини, уларнинг ўртасида бирор бир жанжал бўлмаганлигини билдиришган.

Текширув натижаларига кўра, Ф.Абдуназаровнинг вафот этганлиги ҳолатида бирон бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли 2019 йил 15 октябрда жиноят иши қўзғатиш рад этилган ҳамда бу ҳақда марҳумнинг яқин қариндошларига маълум қилинган.