Фаросатингиз борми?

Бор, биламан. Бўлмаганда суратни кўрибоқ, ушбу ёзганларимни охиригача ўқимасдан ўтказиб юборардингиз. Аммо шундайлар борки, суратдагидек, фаросатсизларча иш тутади.

Улар ижтимоий тармоқларда табиатни асраш, яшаётган ҳудудини озода сақлашга қаратилган мавзудаги суратли лавҳа ёки видеороликларга ҳам эътибор қаратмайди-да!

Мазкур сурат Самарқанд шаҳри Қорасув массивидаги “Янги Ўзбекистон” боғида олинган. Боғ ташкил этилгач, ўриндиқлар ўрнатилганди, аммо уларнинг ёнида чиқинди қутилар йўқ эди. Айрим дам олувчилар егулик ва ичимликдан бўшаган турли идишлар, писта пўчоқларини истаган жойга ташлаб кетавергач, ҳар бир ўриндиқ ёнига чиқинди учун махсус қутилар жойлаштирилди. Афсуски, ёнгинасидаги қути нима учун ўрнатилганига баъзиларнинг фаҳми етмаяпти.

Бу хунук манзарани суратга олишни мақсад қилиб турганимда, ўриндиқ ёнидан ўтиб кетаётган ёши катта икки кишининг суҳбатини эшитиб, қолдим:

- Бефаросатлар! Ёнгинасида чиқинди қути туриб, ўтирган жойини ифлос қилиб кетибди-я?

- Ҳа, айтманг, - дея шеригининг гапини тасдиқлади иккинчиси. - Билмадим, бундайларнинг ақли қачон киради?

- Ҳеч қачон, менимча!

- Ҳар бир жойга камера ўрнатиб чиқиш керакми?

- Бундайларга Ўзи инсоф бермаса, камера ёрдамида уларни фаросатли қилиш қийин-ов.

- Ҳа, тўғри айтасиз! Масалан, йўлларда қанчадан-қанча радар ва камералар ўрнатилди. Ҳайдовчилар орасидаги қоидабузарликлар эса камайгани сезилмаяпти.

- Қўлланилаётган жарималар айрим бойвачча қоидабузарлар учун ҳеч нарсамасда-а?!

- Афсус...

Тўлқин СИДДИҚОВ.