Фарзандларингиз овқатлангандан сўнг дуо қилишга одатланганми?

Шаҳарда яшайдиган қизим ёзги таътилда бўлган фарзандларини қишлоқда бир ҳафта дам олдириш учун биз, бобо ва момоси – мен билан ойисига қолдириб кетди.

Яқинда пенсияга чиққан рафиқам дилбандларига маҳлиё - уларни ўтқазишга жой тополмайди. Бири ўн беш, иккинчиси ўн икки ёшда бўлган жигаргўшаларимизни эрталаблари уйғотгиси келмайди. Қистовим малол келади хотинимга.

— Қўйинг, бобоси, болагиналарим ухлашсин. Нима қилади эрта тонгдан уйғониб?!

— Тонг отганига тўрт соат бўлди, — эътироз билдираман унга, – биз билан нонушта қилишсин.

Тандирда ёпилган буғдой нонни сариёғга ботириб иштаҳа билан еган невараларга қараб ҳавасим келади. “Кечагина ёшгина гўдак эди, буни қаранг, бугун иккови ҳам каттагина йигитча бўлиб қолибди”, —  хаёлимдан ўтказаман. Болалар апил-тапил нонушта қилишгач, бувиси пиёлаларга қуйиб қўйган чойни шошганча сипқоришди. Иккисининг бирдек ҳаракат қилиб, баробар ўрнидан қўзғалгани мени ажаблантирди.

— Икковинг ҳам ўтир жойингга, —  амр этдим бунга чидаёлмай.

— Нима дейсиз уларга, бобоси? – Хотиним невараларнинг турган жойида тош қоттирганим учун мендан ўпкалаб сўз қотди.

— Дастурхонга дуо ўқилмай туриб кетяпти-ку булар.

— Ўтиринглар, бобожон, омин қилсинлар.

Невараларга соғлик тилаб, улар ўсиб-улғайиб, эл-юртга хизмат қиладиган йигитлар бўлишини Тангридан сўраб, дастурхонга омин қилдим.

Кундузи неваралар бувиси билан холасиникига – бизга яқин яшайдиган кичик  қизимникига кетишди. Тушдан сўнг келишгач, кечки овқатни бирга қилдик. Эрталабки ҳолатнинг яна такрорлангани энди жаҳлимни чиқарди.

— Нега булар дастурхонга дуо ўқилмай, туриб кетишади. Қизларимизга бундай тарбия бермаганмиз-ку.

Икки-уч кунда неваралар дастурхонга омин қилмаса, ўринларидан қўзғалмайдиган бўлишди. Мен уларга нега дастурхон атрофидаги ҳамма дуо ўқиб, омин қилиши кераклиги, бир жойда жамланиб, айтилган ният ва дуолар албатта ижобат бўлиши, бу бизга ота-боболаримиздан қолган минг йиллик қадрият экани ҳақида гапириб бердим.

Қизим болаларини олиб кетишга келганида унга овқатлангандан сўнг, албатта, дастурхонга дуо қилиб, омин қилиш кераклиги, оила аъзоларининг барчаси йиғилиб, овқатлангандан сўнг дарров туриб кетмай, ўзаро суҳбат қуриши, иложи борича, катталар ёшларга насиҳатлар қилиши азал-азалдан бор бўлган одат ва уни амалга ошириш шарт экани ҳақида гапирдим ва бу ишни оила бошлиғи – куёвимиз бажарса, янада ибратли бўлишини тайинладим.

Оминни хонадонда оила бошлиғи – бобо ёки ота айтиши одат экани ҳақида невараларим қулоғига қуйгандим ва улар, албатта, отасига етказишига ишонардим.

Оила аъзоларининг бир дастурхон атрофида йиғилишиб, овқатланиши ва охирида дуо ўқиб, омин қилиши қадим одатларимиздан бири. Бу анъана ҳар бир оилада бажарилиши керак.     

Хуршид Нуруллаев.