Фахрий донорларга қўшимча имтиёзлар берилиши мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан Ўзбекистонда донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга улар учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналиши ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда. Шунингдек, санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқи бериляпти.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши донорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда юртимизда “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган 161 нафар фуқаро истиқомат қилмоқда, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.