Фазилатли инсонлар билан яшаш завқи

Устоз журналист Тоғаймурод Шомуродовнинг Zarnews сайтида эълон қилинган “Ҳаёт сабоқлари” сарлавҳали ҳикояларини ўқиб, айрим воқеалар ҳақида ёзишга тушдим. Ҳикояларда тафаккур қилувчилар учун ҳикмат бор. Беш кунлик дунё деганларидек, то ҳаёт эканмиз, эзгу амаллар умримизнинг мазмуни бўлмоғи лозим. Кези келганда айтиш керакки, оммалашиб бораётган сайтда бундай матиреалларнинг берилиши ўқувчилар сонининг янада ошишига хизмат қилади.

Мени илҳомлантиргани ва ёзишга, ижодга ундагани учун Тоғаймурод акага миннатдорчилик билдираман.

Уйланганимдан уч ойча ўтиб, келинингизни шаҳарга кўчириб келадиган бўлдим. Самарқанд шаҳридаги Х.Сулаймонова кўчаси, 27 уйдан жой топдим. Бу хонадон менга бегона эмас. Уй соҳибларининг кичик ўғли Ҳамза ака билан кўп йиллик ака-ука, қалин ўртоқлигимиз сабаб бу уйга талабалик йилларимда тез-тез келиб турардим. Оила бошлиғи Ражаб бобонинг ўтинга пиширган ошларини бир неча марта еганман. Охирати обод бўлсин, отахон жуда дилкаш инсон эди. Қолаверса, бу хонадонда кўпгина байрам базмларини дўстлар билан ўтказганмиз. Бир сўз билан айтганда, Ҳамза акаларники ўзимизникидай бўлиб қолганди.

Хуллас, ёш оилага бир хона ажратиб беришди. Кўчиб кирганимизда қиш вақти бўлганидан уйга газ печка ҳам ўрнатишди. Мебелимиз йўқлигидан нарсаларимизни қаерга қўйишни билмасдик. Ражаб бобо буни тушуниб, 2 қаватли жавон ясаб, уйга киритиб қўйди. Тепасига кўрпа-тўшак йиғамиз, пастдаги полкада эса олиб келган озгина идиш-товоғимиз туради. Унчалик зарурат бўлмаса-да, хонада параллел тарзда ўрнатилган уй телефони ҳам бор...

Икки кишилик янги оила бемалол яшаши мумкин бўлган шароит. Уй бекаси Шарофат ая онамиздай бўлиб кетган. Хушхулқ, ширинсухан аяга меҳримиз бошқача эди. Жойлашганимизнинг иккинчи ёки учинчи куни бўлса керак, хонадон соҳиблари кечки овқатга қандайдир хамирли таом пиширган экан, сомсамиди, мантимиди аниқ эсимда йўқ, Ҳамза аканинг аёли бизга ҳам насиба чиқарди. Икки-уч кун ўтиб, паловни ҳам баҳам кўришди. Қўшниларга тансиқ овқатлардан узатиш одати бизнинг қишлоқларда ҳам бор.

Болалигимдан биламан, энам билан янгам орасида товоқ алмашиш тез-тез бўлиб турарди. Шарофат аянинг илтифотларидан кейин янги рўзғор бекаси, бизнинг келинчак ҳам у кишиларникига таом чиқариб турадиган бўлди. Қўшниларнинг бор товоғим, кел товоғим одати фақат қорин тўйдириш учунгина эмас, балки инсонлар орасидаги меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланиб боришида жуда муҳим. Зеро, бу одат халқимиз орасида минг-минг йилардан бери бор. Шу-шу уйларида турган кишилар билан бир оиладай яшадик. Онахоннинг бундай эътибори, меҳрибонликлари ҳақида ҳозир ҳам баъзи давраларда айтиб тураман.

Ражаб бобо футболнинг ашаддий мухлиси эди. Янги рўзғор бўлганимиздан бизда ҳали телевизор йўқ. Яшил майдондаги воқеаларни отахон билан бирга томоша қиламиз. Фақат олдимга битта вазифа қўйилади: қизиқарли ўйинлар, уларнинг бошланиш вақтини кекса “фанат”га эслатиб туришим керак. Бизнинг футбол томоша қилишимиз оиланинг эрка қизи Орзугулга ёқмайди. Чунки ўша вақтда унинг севимли киноларидан бири бошқа каналда қўйилиши мумкин-да! Беозор қиз нима ҳам десин, футбол тугашини кутиб ўтираверади. Икки мингинчи йилларнинг бошидаги ғалаба ва мағлубиятлардан отахон билан бирга қувониб, бирга асабийлашганмиз.

Баҳор келгач, ҳовлидаги кафтдеккина ерга турли кўкат уруғларини сепишди. Кўп ўтмай уруғлар ер ёриб, кўзни қувнатадиган даражада униб чиқди. Биз сўрамасимиздан хонадон соҳиблари “кўнгил тусаганда олиб овқатга солаверинглар”, деб айтиб қўйишди. Кузга қадар бозордан кўкат сотиб олмадик, десам ҳам бўлаверади.

Ҳамза аканинг икки ўғли ҳам бизга ўрганиб қолишганди. Баъзан улар билан ўйнаб, вақтичоғлик қилардик. Орадан салкам йигирма йил ўтди. Бугун ўша болакайлар уйланиб, оила бошлиғи, фарзандларига ота бўлди. Бу хонадонда роса бир йил яшадик. Бир-биримизникига меҳмон келса, албатта, биргаликда кутиб олиб, кузатиб қўярдик. Орамизда бирор марта ҳам тушунмовчилик ёки арзимас бўлса ҳам келишмовчилик юз бермаган. Оила қурганимизнинг дастлабки йили ана шундай ўтган. Фазилатли инсонлар хонадонида кечган даврларимизни тез-тез хотирлаб турамиз. Ёзганларим Ражаб ота ва Шарофат аялардан миннатдорчилигимизнинг қисқагина баёнидир.

Aнвар ЭРМAМAТОВ.