Фельетон ўрнида: Кўчманчи идора

Чўпонота тепалиги этагидаги маҳалладан автобусга ўтириб, Самарқанд шаҳри марказига бордим. Маҳмуд Кошғарий кўчасида жойлашган ғиштли бино дарвозасига яқинлашдим. Ички ишлар ходимлари турган экан, “Ўғлим, ҳалиги идора, кексалар, пенсионерлар келадиган идорани излаётгандим”, дедим.

Улардан бири мақсадимни тушунди чоғи “у идора мана шу банкнинг эски биноси орқа томонида. Ёғоч дарвозали эшикдан кирасиз. Аммо улар бошқа жойга кўчишди, шекилли”, деди.

Ўтган йили ёзда бир келгандим. Поликлиника дўхтирлари “Пенсия книжкангизни олиб келсангиз, санаторийга, дам олиш масканларига йўлланма олишингиз учун рўйхатга қўямиз”, дегани учун келувдим. Қарилик, хотираям айтганни қилмайди-да, ўша пайти келсам бўларкан... Эски ёғоч дарвозанинг олдига бордим. Дарвозанинг кириш қисмига илиб қўйиладиган тахтача йўқ. Унда идоранинг номи ёзиб қўйиларди. Ҳафсалам пир бўлди. Номиям дафтарга ёзсангиз, тўрт қатор бўлади.

Бироз ўтириб, дам олдим. Менга ўхшаган саргардонлар ҳам кўп экан. Бир кампир, ёнида набираси билан менга яқинроқ келди. 

- Кўчибди, - дедим. 

- Нима, идора яна кўчибдими? – момо анча ҳушёр, гапимни бир деганда илғади.

- Биринчи марта эски Сиёб ҳокимияти биносида жойлашганди бу идора, жуда қулай жой эди, - деб гап бошлади момо. - Кейин Гагарин кўчасидаги техникум биносининг иккинчи қаватидан тўртта хона ажратиб беришди. 2018 йилда эса мана шу набирам билан Самарқандни айлана-айлана сарсон бўлиб, поворотдан пиёда юриб, облГАИнинг орқа томонидаги “Сино” заводига бордик. Завод маъмурий идорасининг иккинчи қаватидан учтагина хона ажратиб беришган экан. Бояқиш идора бошлиғига жой топилмай, дераза олдидаги жойга битта стул қўйиб, столни умумий қилиб ўтирганини кўрганман. 

Бироз дам олгач, аёл ва унинг набираси билан такси тўхтатиш учун жойимиздан қўзғалдик. Шу пайт идорани сўраб яна бир киши келди ва чўнтагидан уяли телефонини олиб, қўнғироқ қилди. Кейин “Юринглар, идоранинг янги кўчган манзилига бирга борамиз”, деди.

Такси ҳайдовчиси шаҳарнинг Мирзо Улуғбек ва Гагарин кўчалари кесишмасидан чапга, бироз юриб, ўнгга бурилди. Машинани тўхтатиб, йўлда келаётган тўрт-беш қариядан идорани сўрадик. Излаган идорамизни топиб, таксичини дуо қилиб жўнатдик. Етмиш ёшли камина, саксонга бораётган кампир ва набираси ҳамда янги шеригимиз – бўлғуси пенсионер идора ҳовлисига кирдик. Бир қиз, чамаси янги ходим бўлса керак, ёнимизга келиб “хўш, хизмат”, деди. Келишимиз сабабларини бирма-бир айтдик.

Идоранинг уч-тўрт ходими ҳовлига стол-стул қўйиб, кишиларни қабул қиляпти.

- Сиз астрономия, астрология фанларини яхши биласиз-а, - деди суҳбатимизга қулоқ тутиб турган идора ходимларидан бири биз билан келган бўлғуси пенсионерга. – Ўттиз етти йил ишлаб, пенсияга чиқаяпсиз-у, ҳали ёш кўринасиз. Ишлайверинг, пенсия пулиниям олаверинг. Айтинг-чи, астрология, яъни мунажжимлар билишади, бизнинг идорамиз бу жойда неча ой ёки неча йил фаолият кўрсатади? Биз қачон ва яна қаерга кўчамиз?..

Убай ҚОДИРХОН.