Фермерлар ерини ноқонуний эгаллаб олган шахслар 279 миллион сўм жарима тўлади

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан самарали фойдаланиш юзасидан ўтказилаётган мониторинг-таҳлил тадбирлари давомида айрим қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер ва фуқаролар томонидан ер ресурсларидан самарасиз фойдаланиш, ер майдонларини ўзлаштириш ҳолатлари учраб турибди.
Хусусан, инспекциянинг Нуробод тумани бўлими ходимлари томонидан 2020 йилнинг ўтган даври давомида ўтказилган мониторинг-таҳлиллар давомида 22 нафар фуқаронинг 7,38 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани аниқланди.
Жумладан, тумандаги “Сарбон сабр нур” фермер хўжалигига қарашли 48 балли сувли ер майдонидан Кечкелдик маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Ж. 0,27 гектар, “Чўнқаймиш ўлка РАН” фермер хўжалигининг лалмикор ер майдонидан Олтинсой маҳалласида яшовчи фуқаро А.Э. 0,20 гектар ер майдонини ноқонуний равишда эгаллаб олган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилар, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларига, шунингдек, ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги Низом" талабларига асосан инспекциянинг Нуробод тумани бўлими етказилган зарарни ундириш бўйича судга даъво аризаси киритди.
Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузар фуқаролар томонидан қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг муомаладан чиқарилиши оқибатида етказилган 279 миллион 819 минг сўмлик зарар давлат фойдасига ундирилди ҳамда ноқонуний эгалланган ер майдонлари фермер хўжаликларига қайтарилди.
Абдували Худоёров.