Фиҳқ намояндаси, буюк маърифатпарвар учун барпо этилган зиёратгоҳ очилди
Самарқанд заминида не-не буюк алломалар, фозил, шоир, тариқат ва дин арбоблари мангу қўним топган. Шайх Абдулазиз Шамсулайимма – Ҳолвойи ҳазратлари ҳам ана шундай буюк инсонлардан биридир.
Тарихчи ва манбашунос олимлар узоқ йиллар давомида бу шахс дафн этилган масканни Бухоро, Шаҳрисабз ва Самарқанд шаҳридан излашган. Кейинги тадқиқотлар алломанинг қабри Жомбой туманида эканини тасдиқлади. Таниқли олим Комилхон Каттаев бошчилигидаги манбашунослар 2008 йилда Ҳолвойи маҳалласидаги қадимий қабристондан у зотнинг мангу қўнимгоҳини қайд этгач, ҳашар йўли билан сағана барпо этилганди. 2022-2024 йилларда жамоатчилик фаоллари, саховатли тадбиркорлар, зиёлилар кўмаги билан зиёратгоҳ янада обод қилинди. Қабр устига муҳташам мақбара ва хонақоҳ қурилди.
Бугун ушбу зиёратгоҳнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда вилоятимиздаги олим ва зиёлилар, дин арбоблари, нуронийлар, Жомбой тумани жамоатчилиги вакиллари қатнашди. Муборак Қуръон оятлари ўқилиб, қурбонлик келтирилди.
Тадбирда Шамсулайимма ҳазратларининг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси ҳақида батафсил маълумот берилди. Қайд этилишича, Шайх Абдулазиз – Ҳолвойи Х-ХI асрларда яшаб ўтган фиҳқ намояндаси, ўнлаб шогирдлар етиштирган буюк маърифатпарвар бўлган. Унинг шариат қоидаларига асосланган фатволари илмий асосланганлиги, пухта ва аниқ, тушунарли тарздаги баёни билан бугунги кунда ҳам муҳим аҳамиятга эга.