Фуқароликни тасдиқловчи ҳужжат эҳтиёт қилиб сақланиши шарт

Жорий йилнинг 10 ойи давомида биргина Самарқанд шаҳар бўйича ички ишлар органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 8-сон ички ишлар бўлими, ички миграция гуруҳига 200 нафардан зиёд фуқаролардан биометрик, хорижга чиқиш паспортлари ва ID-карталари эҳтиёт қилиб сақланмаганлиги оқибатида йўқотганлиги юзасидан мурожаатлар келиб тушган.
Мурожаатларнинг барчаси тегишли тартибда, яъни қонун доирасида ўрганилиб, фуқароларга янги ҳужжат олиш тартиби ҳақида маълумот берилди.
Тегишли ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, агар фуқаро ўзига тегишли бўлган фуқаролик паспортини, ID-картасини, хорижга чиқиш биометрик паспортини қасддан яроқсизлантиргани ёки уни эҳтиёт қилиб сақламаганлиги оқибатида йўқотиб қўйганида қонунчилигимизга асосан жавобгарлик белгиланган.
Асосийси, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддаси биринчи қисмига кўра, паспорт тизими қоидаларини бузиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми - 187500 сўмдан уч бараваригача - 1125000 сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади, агарда фуқаро жаримани 15 кун ичида тўласа, 50 фоиз чегирма қилинади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган айни бир ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, яъни 1875000 сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Мурожаат қилган фуқаролар янги паспорт олиш учун давлат хизматлари марказига ёки шаҳар миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилишлари мумкин. Бу ерда ID-карта бир иш кунида, хорижга чиқиш биометрик паспорти 10 иш кунида тайёр бўлади ва ҳужжатлар расмийлаштирилиб берилди.
Эслатиб ўтамиз: Юқорида келтирилган маълумотларни инобатга олган ҳолда, фуқаролардан ўз паспортини (ID-картани) эҳтиёт қилиб сақлаши зарурлигини, ёш болаларнинг қўлига тушиб қолмаслигини, эҳтиётсизлик оқибатида яроқсиз ҳолга келишининг олдини олиш муҳим эканлигини ёдда тутишни сўраймиз. Зеро, бу сизнинг шахсингизни, Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлигингизни тасдиқловчи муҳим ҳужжатдир.
Бахтиёр ЎРУНОВ,
Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ 8-сон ИИБ ИМГ мутахассиси, капитан.