Пайариқда сартарошхона учун ажратилган бинони қиморхонага айлантирган эркак ушланди

Вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходимлари Пайариқ туманида профилактик тадбир ўтказган. Тадбир давомида Мани қишлоғида яшовчи 36 ёшли Т.О. маҳалласидаги бинони сартарошхона сифатида фаолият олиб бориш учун ижарага олиб, у ерда ноқонуний равишда қимор ва таваккалчиликка асосланган “лото” ўйинини ташкил қилган.

У маҳалладошларига “лото” ўйини ўйнашига шарт-шароит яратиб, ҳар бир ютуқдан 4000 сўмдан ўзига “чўтал” - жой пули олиб, ўйин ўтказаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида Т.О. томонидан ноқонуний ташкил этилган таваккалчиликка асосланган “лото” қимор ўйинига қўйилган пуллар ва “лото” ўуйини ўйнаш учун мўлжалланган 26 дона жетон (карта) ва 90 дона “лото” тошлари аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Пайариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Т.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.