Футбол: “Динамо” Суперлигага тайёргарликни бошлади

5 январдан бошлаб «Динамо» жамоаси 2022 йилги янги мавсумга тайёргарликка киришди, дея хабар бермоқда «Динамо» профессионал футбол клуби матбуот хизмати.

Жамоа Чархин қўрғонидаги болалар-ўсмирлар футбол мактабида клуб ҳомийси «Agromir Buildings» томонидан фойдаланишга топширилган сунъий қопламали майдонда машғулотлар ўтказмоқда.

2021 йилги мавсумдан кейин жамоа билан шартномаси якунига етган Жасур Ҳасанов, Обид Жўрабоев, Сардор Эминов, Рўзимбой Аҳмедов, Ислом Шарипов, Ғолиб Сарибоев, Олег Марчук, Дмитро Сидоренко, Сирож Мелиев, Тимур Ҳакимов, Тимур Усманов клуб билан хайрлашди.

Клуб тез орада жамоада иш бошлайдиган мураббийлар штаби ва шартнома имзолангач, янги футболчилар ҳақида маълумот беради. Илк йиғин доирасида асосан ўтган мавсумда жамоада бўлган ўйинчилар ва маҳаллий ёш футболчилар кўрикдан ўтказилмоқда.

Маълумот ўрнида: «Динамо» футболчилари 5 январдан 30 январга қадар ўқув-машғулот йиғинини Самарқанддаги қароргоҳида ўтказади.

Аввалроқ, Самарқанд клубида тожикистонлик Ҳаким Фузайлов ўрнига сербиялик Предраг Роган бош мураббий сифатида ишлаши хабар қилинган эди.