Футбол майдончасидаги ўзбошимчалик депутат ташаббуси билан тўхтатилди
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги масаланинг охирига етдимикан?
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутатлигига “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган Дилфуза Равшановага Самарқанд шаҳридаги сайловчилари турли масалалар билан мурожаат қилади.
Мурожаатлардан бири сайлов округи ҳудудидаги спорт мажмуаси ер майдонининг бир қисми ноқонуний эгаллаб олингани тўғрисида эди.
Аслида ўша куни депутат “Боғбонлар” маҳалласида аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида учрашув ўтказди. Учрашувда маҳалла ҳудудида турар жой ҳамда савдо дўконлари қурилиши натижасида футбол майдончаси йўқ бўлиб кетаётганлиги тўғрисида мурожаат қилинган.
Масалани батафсил ўрганиб чиқиш мақсадида депутат тегишли ташкилотлар чиқарган қарор, кадастр ҳужжатлари билан танишди. Футбол майдонига бориб, ҳақиқий ҳолатни ўрганди.
Маълум бўлишича, 2003 йилда Темирйўл тумани ҳокими томонидан чиқарилган маҳаллага эгалик ҳуқуқини берувчи қарор бекор қилинмасдан, 2011 йилда қуриб битказилмаган иншоотга бошқа бир кишининг номига кадастр ҳужжатлари тайёрланиб, Самарқанд шаҳар ҳокимининг эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи қарори чиқарилган. Яъни, қонунбузилиши юзага келганлиги яққол кўриниб турарди.
Негаки, ҳужжатларга кўра, фуқаролар ноқонуний эгаллаб олинган, деяётган ер майдони маҳалла, аниқроғи “Тип-1” спорт мажмуаси ҳудуди ҳисобланади. Шунингдек, ҳеч бир жойда ушбу ерда уй-жой мавжудлиги қайд қилинмаган.
Мазкур асосларга кўра, депутат Самарқанд шаҳар прокурорига депутат сўрови юборди. Прокурор протестига асосан, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2011 йилдаги уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқи бериш ҳақидаги қарори бекор қилинган.
“Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши.
Таҳририятдан: Чала қурилган бино бузилиб, стадион ер майдони аввалги ҳолатига келдимикан?
Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг жавобини кутамиз.