Ғафур Ғулом достон ёзган бахши, кино санъати муаммоларини дадил кўтариб чиққан киношунос ҳам эди
Ғафур Ғуломнинг адабий фаолияти 1923 йилдан бошланади. Шеърлари, достон, очерклар, ҳажвий ҳикоя ва қиссалари газета-журналларда чоп этилади.
Ўз даврининг долзарб асари - ёш авлодни тарбиялашдаги қудратли куч ҳақида сўзловчи «Йўлдош» достони бўлган. Воқеанинг қисқача мазмуни шундай: фуқаролик урушида яқинлари Йўлдошдан айрилади. Бошқа етим бўлиб қаровсиз қолган болалар каби, бу болакайга ҳам давлат ғамхўрлик қилади - улар учун бошпана бўлган интернатлар ва болалар уйлари яратишади. Болалар уйи тарбияланувчилари ўз Ватани мустақиллиги ҳимояси учун доим тайёр туришади. Достонда катта маҳорат ва илиқлик ила Йўлдошнинг отаси билан учрашуви акс этилган, ўз қарзига вафоли инсонлар сиймоси чуқур ва кенг очиб берилган.
Ватан ҳимоячиси мавзуси Ғофур Ғуломнинг 1941-1945 йиллардаги кейинги ижодида янада ривожланди ва чуқурлашди. У одамларни «бор сабри, бор иқтидори»ни фашистлар устидан ғалабага қаратишга чорлайди. «Икки акт» достонида у қишлоқларнинг қайта жойлашувини мадҳ этаркан, ўзбек деҳқончилиги ва уларнинг келажак орзуларини ифодалайди. Достон ўзининг чинакан ҳаёт ҳақиқатига садоқати билан кучли. Бу ерда ўзбек деҳқончилигининг тарихий ишончли сурати чизилган. Ушбу мавзу «Қўқон» достонида ҳам янграйди. Ўз вақтида у халқда оммабоп бўлган ва қишлоқ хўжалигини мустаҳкамлаш курашида тарғибот вазифасини бажарган.
Ғофур Ғулом қисқа, ўткир сюжетли ҳикоялар устаси сифатида ҳам таниқли бўлиб, ҳикоя услуби ўрнида у ёзувчининг савол-жавоблари билан тўлдирилган жонли дўстона баҳс-мунозара шаклида, муаллифлик нутқи ва китобхонга эркин юзланиш орқали фойдаланади. Ғофур Ғулом томонидан ўтган асрнинг 30-йилларида яратилган кўплаб насрий асарлар янги инсоний муносабатларга бағишланган. У асарларида ёритган асосий муаммо ва ечимлар - бу инсоннинг ахлоқий тарбияси, унинг маънавий ва маданий ривожи сари курашдир. Муаллиф ўзининг насрий асарларида ёрқин ижобий тимсоллар яратади. «Ёдгор» қиссасидаги катта қалб эгаси бўлмиш ижобий қаҳрамон Жўра бегонанинг фарзандини тарбиялайди. Айнан оддий инсоннинг бегона болага бўлган муносабати орқали муаллиф Жўранинг юқори ахлоқий даражасини кўрсатиб берган.
Ғофур Ғулом кўплаб асарларини болаларга бағишлаган. «Шум бола» ҳикояси нисбатан омадли ҳисобланади. Қаҳрамон ўзининг фожиали ҳаёти ҳақида ўзи сўзлайди. Бола уйидан маҳсулотларни олиб чиқиб кетаётган вақтда онаси жазолаганлиги туфайли, уйидан холасиникига қараб қочади. Аммо бу ерда ҳам боланинг омади келмайди: у тасодифан тоғасининг беданасини ўлдириб қўйиб, бу уйдан ҳам кетади. Шундай қилиб, у дарбадарликни бошлайди. Ёзувчи ўз эътиборини шум боланинг хавотирлари ва ички кечинмаларини тасвирлашга қаратади. Ташқи ҳодисалар, нарсалар ва кичик қаҳрамонни ўраб турган барчасини тасвирлаш инсон туйғуларини чуқур намоён қилишда хизмат қилади. Бунга барчаси бўйсунади - воқеа баёнотининг нуқтаи-назари, манзара ва асарнинг тимсолий негизи.
Ғафур Ғулом ХХ асрнинг 20-йилларида ўзбек давлат кино трестидаги кадрлар қўнимсизлиги оқибатида юзага келган хўжасизлик, бошбошдоқлик, юлғичлик каби иллатларни «Чайналавериб қирпит бўлган тўларсоқ» (яъни, сийқаланган катта суяк) фелъетонида кескин фош этади. Муаллиф «Бахт қуёши», «Чодира», «Мохов қиз», «Ўзбекистон хотинлари», «Лотинлаштириш», «Ит олмас», «Мачит гумбазлари остида» каби фильмларни таҳлил этади. Уларни санъаткорлик маҳорати етишмаслиги, маҳаллий халқ ҳаётидан бехабарлик ва шошма-шошарлик билан суратга олингани, нафосатдан йироқлиги боис танқид қилади.
Муаллиф тили билан айтганда, «санъат ҳемири» эканлиги боис «бахтсиз», «бечора», «ўтмас буюм»га айланган бу фильмлар «Чалпакка ўраб ташлаганда ҳам ит олмас»дир. Зотан, уларда санъаткорлик, ижодий фикр, реал турмуш ўз ифодасини топмаган. Улар халқимиз урф-одати, маишати билан боғлиқ ҳақиқатдан мутлақо йироқ тасаввурлар асосига қурилган. Бундан миллий ғурури ўртанган муаллиф: «… ўзбекни оламга ошкор қилмоқчи экан – олган ленталарида ҳақиқатни, ҳақиқий типни бера олсин.
Ҳақиқий ўзбек маишати, урф-одатини барқ урдириб кўрсатсин», деган кескин талабларни ўртага ташлайди. Шунинг учун ҳам Ғафур Ғулом давлат кино трести олдига: “Ўзида бўлиб кўзга кўриниб қолган уддабурон ёшларни тарбия қилсин. Иш берсин, бори тақир-туқур, беш-олтита ёлғондакам «мутахассисларни йиғиштирсин», деган ғоятда кескин талаблар қўяди. Айни пайтда, муаммонинг ечимини ёш маҳаллий киномутахассисларни тарбиялашдагина кўрмайди. У киношунослар олдига қўйган сценарийларнинг пишиқ ва мантиқий асосланган бўлиши зарурлиги, ёзувчиларнинг маҳаллий халқ ҳаётини теран билишлари лозимлиги, ишлаб чиқариш суръатлари орқасидан қувиш эмас, балки сифатга эътибор бериш кераклиги, режиссёрнинг виждони пок, эътиқоди мустаҳкам бўлиши зарурлиги ҳақидаги вазифаларни қўяди.
Бизнингча, ўтган асрнинг 20-йилларидаёқ адабиёт ва санъат аҳли, хусусан, давлат кино трести вакиллари олдига поэтик маҳоратни ўстириш, миллат шаънини улуғлаш, муаммога пок виждон ҳамда мустаҳкам эътиқод билан ёндашиш, ижодий фикрга кенг йўл очиш, ҳаёт ҳақиқатига садоқат, бадиий воқеликни мантиқий асослаш, истеъдодли миллий кадрларни тарбиялашдек кескин талабларни қўя олган Ғафур Ғулом шахси феноменал ҳодиса. Бинобарин, унинг ижодий мероси, жумладан, ҳажвиёти ҳам барҳаёт.
Нодиржон Саъдиев,
Тошкент давлат юридик университети 3-курс талабаси.