Газ ва кўмир таъминоти корхоналари кузги-қишки мавсумга қандай тайёргарлик кўрди?
Вилоят Матбуот уйида «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти ҳамда “Кўмир таъминот” МЧЖ вилоят филиаллари раҳбарлари журналист ва блогерларга вилоятимизда кузги-қишки мавсумга қай даражада тайёргарлик кўрилаётганлиги ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, жорий йилда «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти вилоят филиали томонидан вилоят бўйича бугунгача 3,10 км газ қувурлари мукаммал таъмирланиб, 6,3 км газ қувурлари реконструкция қилинган. 906 километр газ қувурлари босим остида зичликка синалиб, ҳаво босими ёрдамида тозаланган. 8639 та газ тақсимлаш қутиларида тафтиш ишлари амалга оширилган.
- Самарқанд шаҳридаги Амир Темур ва Гагарин кўчалари кесишмасидан Фирдавсий кўчасига Д-325 мм. узунлиги қарийб 500 метрли табиий газ қувури тортилиши натижасида Мирзо Улуғбек ва Аҳмад Яссавий номли ҳамда “Лолазор”, “Мафтункор” маҳаллаларидаги етти мингдан ортиқ аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти яхшиланади, - дейди «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти вилоят филиали директори ўринбосари Олим Исоқулов. – Корхонамиз ишчи-мутахассислари томонидан Оқдарё газ тақсимлаш станциясидан Панжакент кўчасигача 11,5 км газ қувурлари тортиш ишлари бажарилмоқда. Мазкур иншоот ишга тушгач, шаҳарнинг Сиёб ҳудудидаги 20 га яқин маҳалла ва ижтимоий соҳа объектларида табиий газ таъминоти яхшиланади.
Шунингдек, Самарқанд туманидаги “Самарқанд-1” газ тақсимлаш станциясидан 5,2 км масофада Д-325 мм.ли юқори босимли янги газ қувури қурилгач, шаҳар марказидаги аҳоли хонадонлари, меҳмонхона ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида, СамДАҚИ атрофидаги маҳаллалар, Сартепа массиви, Университет хиёбони атрофидаги маҳаллаларда яшовчи 32 мингдан ортиқ хонадонларда табиий газ таъминоти яхшиланади.
Шунингдек, матбуот анжуманида “Кўмир таъминот” МЧЖ Самарқанд вилоят филиали директори Сайфиддин Жуманов куз-қиш мавсумига кўмир ғамлаш жараёнлари хусусида маълумот бериб ўтди.
Таъкидландики, жорий йилдан бошлаб газлаштирилмаган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун кўмир етказиб бериш тизими тубдан ўзгарди. Бугунги кунда вилоят бўйича 744 та маҳалла жойлашган 450 минг хонадоннинг кўмирга эҳтиёжи бор. Ижтимоий соҳа объектларига 38 081 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.
- Аҳоли учун эса 55 минг тонна кўмир шохобчаларимиз орқали тарқатилди, - дейди Сайфиддин Жуманов. - Яна 35 минг тонна кўмир жойлардаги шохобчаларга етказиб берилади. Айни пайтда омборхоналаримизда 5860 тонна кўмир захира қилинган. Шунингдек, аҳолидан тушган талабномаларга асосан 1587 тонна кўмир маҳсулотлари пешма-пеш темир йўл орқали келтирилмоқда.
Вилоят аҳолисини кўмир ёқилғисига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш учун яна 30 минг тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилади. Бунинг учун вилоят бўйича Самарқанд шаҳридан ташқари Каттақўрғон, Жомбой, Пахтачи, Нарпай туманларида, шунингдек, аҳолиси кўп бўлган Ургут туманининг Жарқишлоқ ва Бунёдкор маҳаллаларида, чекка туман ҳисобланган Қўшработда Жўшота ҳамда Қўралос маҳаллаларида жами 12 та кўмир тарқатувчи омборхона ва шохобчалар фаолият кўрсатмоқда.
Тадбир доирасида Самарқанд кўмир омборига журналистлар учун пресс-тур ҳам ташкил этилди. Ургут, Пайариқ, Самарқанд шаҳри ва тумани аҳолисига хизмат кўрсатиб келаётган мазкур омборхонадан аҳолига кунига 350-400 тоннагача кўмир сотилмоқда.
- Ҳозирда масканимизда Ангрен кўмир конидан келтирилган 400 тоннадан ортиқ кўмир захираси бор, - дейди омбор мудири Умид Аҳмедов. – Йил бошидан буён омборхонамизга 5292 тонна кўмир маҳсулотлари қабул қилиб олганмиз. Жумладан, бугунгача Пайариқ туманига 614 тонна, Самарқанд тумани аҳолисига 433 тонна кўмир етказиб берилди. Агар аҳолидан талаб тушса яна қўшимча равишда етказиб беришимиз мумкин. Ўтган йили Ургут туманининг тоғли ҳудудларидаги хонадонларга 17 минг тонна тарқатилган бўлса, жорий йилда туман аҳолиси 20 минг тонна кўмирга буюртма берган.
Эслатиб ўтамиз: кўмир маҳсулотларининг аҳолига сотиш нархи (1 тоннаси) 300 минг 300 сўм этиб белгиланган.
Дилмурод Тўхтаев.
***
Ҳ.Элтоев олган суратлар.