"Газ-заправка"лар қачон очилиши маълум қилинди
Ижтимоий тармоқларда айрим «газ-заправка»ларда таниш-билишчилик қилинаётгани ҳамда айрим автотранспортларга метан газ тўлдирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
"Ўзтрансгаз" маълум қилишича, Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши оқибатида табиий газнинг истеъмол ҳажми кескин ошиб бориши кузатилди.
Шу сабабли ижтимоий аҳамиятга молик объектлар ва қозонхоналарни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида республикадаги мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳар қандай улгуржи истеъмолчилар, хусусан, АГТКШларга табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилган эди.
Ҳар бир вилоят ҳокимликлари билан келишилган ҳолда айрим АГТКШлар куннинг маълум вақтида 1 соатдан 3 соатгача оралиқда уй-жой мулкдорлари ширкатлари, электр таъминоти корхоналари, ободонлаштириш бошқармалари, аҳолига пропан тўлдирилган газ баллонлар етказиб берувчи ташкилотларнинг автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатмоқда. Об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, қулай шароит пайдо бўлгач, республикадаги барча АГТКШлар одатдаги иш тартибида ишлай бошлаши ҳақида хабар қилинади.