«Заправка»лардаги чеклов: У кимга қанча наф беради?
Қишнинг сўнгги ойи ўтиб бораркан бир неча йилдан бери мавсумда кўпчиликни безовта қилаётган муаммога яна бир бор эътибор қаратишга қарор қилдик. Токи, ҳеч бўлмасаБ келгуси мавсумда бирор бир чеклов борасида қарор чиқариларкан, тегишли идоралар масаланинг барча томонларини ўйлаб кўришсин.
Ҳарорат кескин пасайган кунларда автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари (метан «заправка»лар) чекловлар сабаб ишламай қолиши ҳаммага маълум. Энергетика вазирлиги ОАВда бу “аҳолини кўпроқ табиий газ билан таъминлаш мақсадида” қўлланганини маълум қилиб келади. Бироқ бу чекловлар амалга ошириларкан, шаҳар ва қишлоқлардаги муҳим хизматлар — йўловчи ташиш, чиқиндиларни олиб кетиш билан шуғулланувчи корхоналарнинг транспортлари қандай ишлайди деган савол туғилади.
Яқинда ана шундай чеклов ўрнатилган кунларда “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан хизмат кўрсатиладиган қатор ҳудудларда чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмаётганига гувоҳ бўлдик. Ҳайдовчилардан бири билан суҳбатда шу кунларда зўрға «заправка» қилаётганини айтганди.
Аввалроқ вилоят Кенгаши сессиясида депутат Шоҳрух Жўрақулов вилоят ҳокими ўринбосарига шу муаммо бўйича савол бериб, “Мароқанд обод” корхонаси томонидан айнан газ қуйиш шохобчаларидаги чекловлар сабаб шаҳарда чиқиндилар вақтида олиб кетилмаётганини айтганди.
Маълум бўлишича, бугунги кунда барча туман, шаҳар ҳокимликлари кўрсатмасига биноан чиқинди ташиш корхоналари газ қуйиш шохобчалари билан шартнома имзолаган.
Бироқ муаммо шундаки, икки томонлама шартнома борми-йўқми барибир — чеклов киритилган вақтда ҳеч ким шохобчадан газ ололмайди, газнинг ўзи бўлмайди.
Вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК ахборот хизмати билан боғландик. Маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам чиқинди ташиш корхоналари АТТИСлар билан шартнома имзолаган. Шартномага кўра, бу корхоналарга тегишли транспорт воситаларига навбатсиз газ қуйиб бериш кўзда тутилган. Аммо юқорида айтилганидек, чеклов амал қилаётган вақтда бунинг имкони йўқ.
Аввалроқ йўловчи ташиш корхоналарида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилаётгани ҳақида шикоятлар тушганди. Аниқлик киритиш учун вилоят транспорт бошқармаси билан боғландик. Таъкидланишича, бугунги кунда Самарқанд шаҳрининг иккита ҳудудида жамоат транспорти учун газ қуйиш шохобчаси ишлаб турибди. Уларда жамоат транспорти истаган вақтда газ олиши мумкин экан. Аммо мутасаддига кўра, бу шохобчаларда ҳам қишнинг совуқ кунларида мунтазам навбатлар юзага келмоқда. Чунки биринчидан, вилоятда метанда ҳаракатланаётган жамоат транспортининг ўзи 300 га яқин, шунингдек, чиқинди ташиш фаолияти билан шуғулланувчи “Мароқанд обод” ДУК машиналари ҳам шу шохобчалардан фойдаланади.
Эслатиб ўтиш жоиз, газ қуйиш шохобчаларига чекловлар айнан вазирлик томонидан киритилган. Бироқ масаланинг мана шу қисми, махсус техникаларни ёқилғи билан мунтазам таъминлаш борасида вазирлик баёнотларида бирор марта тўхталинмади. Қисқаси, чеклов киритилаётганда афтидан, масала пухта ўйланмаган. Оқибатда бугун совуқ кунларда кўчаларда тўпланган чиқинди юзасидан аҳоли тегишли идораларга, тегишли идоралар ва жамоатчилик маҳаллий ҳокимликларга савол билан юзланмоқда. Метан «заправка»ларга эса айнан Энергетика вазирлиги тизими орқали ёқилғи берилади ёки тўхтатилади. Газ қуйиш шохобчалари ва чиқинди ташиш корхоналари ўртасида истаганча шартнома тузилмасин, газ бўлмаса, чеклов вақтида бунинг фойдаси бўлмайди. Демак, чекловлар омматан эълон қилиб юбормасдан, мана бу томонларини ўйлаб кўриш ҳам керак.
Дарвоқе, биз мақолада жамоат транспорт ва чиқинди ташиш машиналари ҳақида сўз юритдик. Аммо масаланинг эътибор қаратиш шарт бўлган яна қатор оғриқли томонлари бор. Жумладан, вилоятда 2500 дан зиёд «Дамас» ва бошқа турдаги транспортлар йўловчи ташиш билан шуғулланади. Самарқанднинг ўзида 20 мингга яқин одам йўналишсиз таксиларда йўловчи ташиб, расман ўзини ўзи банд қилиб, рўйхатдан ўтган. Қиш кунларида чекловлар сабаб шунча фуқаронинг иши касод бўлгани бу ҳали муаммонинг тўлиқ манзараси эмас — уларнинг ҳар бири кунига энг камида 50 кишига хизмат кўрсатса ҳам, чекловлар сабаб қишнинг энг совуқ кунларида бир миллион нафар атрофидаги йўловчида нарх, транспорт етишмовчилиги каби омилларнинг таъсири сезилади. Бошқача айтганда, “аҳолига осон бўлсин” деб киритилган чеклов айнан аҳолининг ўзига ноқулайлик келтириб чиқармоқда.
Сўнгги кунларда ҳаво ҳарорати бироз кўтарилиб, метан гази қуйиш билан боғлиқ муаммолар пасайди. Шунингдек, чиқинди ташувчи транспортлар ҳам вазият ўнгланаётганини айтмоқда. Биз эса юқорида айтганимиздек, келгуси йилда бу муаммо такрорланмаслигига умид қиламиз.
Аввало, кейинги йилларда метан «заправка»ларда чекловлар бўлмайди деб умид қиламиз. Модомики, келаси йил ҳам аҳвол шу бўлар экан, чекловлар вақтида махсус техникаларни ёқилғи билан таъминлаш масаласи бўйича аниқ қўшимчалар киритилиши шарт.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.