Гендер тенгликни таъминлаш ижтимоий адолатнинг асоси

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 23 сентябрь Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида нутқ сўзлади. Тадбир ташкилот тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтди. Бунга жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият сабаб бўлди. Ўзбекистон Президенти ушбу чиқишининг тарихий аҳамияти шундан иборатки, БМТ тарихида илк маротаба мустақил Ўзбекистон раҳбари ўзбек тилида нутқ сўзлади.
Шавкат Мирзиёев чиқиши давомида халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди. Хусусан, Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини кўрсатиб берди. Йўналишлар орасида гендер масаласи алоҳида аҳамият касб этди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди”, деб мамлакатимизда хотин-қизлар сиёсати бўйича амалга оширилаётган ишларни назарда тутди. Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Хотин-қизларнинг эркаклар билан бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлишининг, оналик ва болалик билан боғлиқ давлат сиёсати юритилаётгани, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеини кучайтириш, сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш билан боғлиқ олиб борилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ.
Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан институционал тизими бу вакиллик ҳокимиятидир. Вакиллик ҳокимиятининг барча даражадаги депутатлари вазифаси иқтисодий ўсишни инсон тараққиёти билан боғлаш, уларнинг узвийлигини таъминлашдан иборат. Президентимиз томонидан хотин-қизларнинг парламентдаги аъзолиги кейинги йилларда 2 баробарга ортгани халқаро минбардан таъкидлангани ҳам бежизга эмас.
Бугунги кунда мамалакатимизда гендер тенглик бўйича институционал асослар ҳам кенгайтирилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинди.
Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизнинг 49 фоизини хотин-қизлар, уларнинг қарийб 64 фоизини 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар ташкил этар экан, албатта бу йўналишда алоҳида давлат сиёсати олиб боришга тўғри келмоқда. Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилаш, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, шунингдек, аёллар ҳуқуқий маданиятини ошириш каби йўналишларда қатор амалий ишлар олиб борилди. Айниқса, гендер тенгликка эришиш мақсадида қабул қилинган қонунлар соҳада мавжуд айрим муаммоларнинг ечимини таъминлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунида аёлларни жинси бўйича бевосита ва билвосита камситишнинг тақиқланишига алоҳида урғу берилган. Мазкур қонун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди. Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунида оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир.
Қонун нормаларини амалда таъминлаш мақсадида 2019 йилда 197 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ташкил этилди. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Оғир турмуш шароитида яшаётган 1454 нафар хотин-қизнинг уй-жой учун бошланғич бадали Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан тўлаб берилди ҳамда ушбу мақсадларга 25 миллиард 194 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, бундай тоифадаги 13 мингдан зиёд аёлларнинг ишга жойлаштирилиши таъминланди. Бандлик дастурига мувофиқ 250 мингдан ортиқ хотин-қизлар иш билан таъминланди. Сиёсий ва ҳуқуқий билимли, инновацион ғояларга ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизлардан иборат 6 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда гендер тенгликка эришишда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада кучайтириш, шу орқали оилани мустаҳкамлаш, юқори интеллектуал даражадаги ёш авлодни вояга етказиш, жамият барқарорлигини таъминлашнинг гарови ҳисобланади.
Гулнора ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.