Германияда Самарқанднинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилади

Германиянинг "ZDF" телеканалининг иккинчи канали буюртмасига кўра, Германиянинг "BEWEGTE ZEITEN Filmproduktion GmbH" компанияси Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильм устида иш бошлади.

Немис режиссёри Беттина Вобст бошчилигидаги гуруҳ Самарқанднинг сайёҳлик объектларида, яъни Регистон майдонида, «Конигил» сайёҳлик қишлоғида, Хўжа Абду Дарун мажмуасида, шунингдек бунёдкорик жараёнларни суратга олишди.

Германия киночиларининг ижодий сафари мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги кўмагида ташкил этилди.

Самарқанд вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, фильм "ZDF" телеканалида шу йилнинг декабрь ойида намойиш этилади.

Таъкидлаш жоизки, "ZDF" – Германиянинг энг йирик миллий телекомпанияларидан бири бўлиб, кўп миллионли томошабинлар аудиториясига эга, "BEWEGTE ZEITEN Filmproduktion GmbH" компанияси эса немис киностудияларининг етакчиларидан бири.