Гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланган шахсларга ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланган Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1969 йилда туғилган Ш.Тўхтамишев ва 1955 йилда туғилган Т.Аминовга нисбатан ҳукм ўқилди.

Суд материалларига кўра, ушбу шахслар 2021 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳар Ўртахўжасоат маҳалласи ҳудудида катта миқдорда опий гиҳёвандлик воситасини ноқонуний савдоси билан шуғулланиш пайтида ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ушланган.

Юқоридаги шахслар Жиноят кодексининг 273-моддасида назарда тутилган жиноятлар билан айбли деб топилиб, Ш.Тўхтамишевга 6 йил, Т.Аминовга 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, Самарқанд ҳамда Қашқадарё вилоятларида туғилган 7 нафар шахс - Ф.Кадиров, Ф.Қодиров, М.Шодиев, З.Шодиев, С.Тўрақулов, Д.Маҳкамов, Т.Бобораҳматовга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Ушбу шахслар мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб кирилган 5 минг дона “Трамадол 50 мг” психотроп воситасини 1000 АҚШ долларига сотаётган вақтда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Инсонга кучли таъсир қилувчи гиҳёвандлик воситаси тарқатувчиларига нисбатан 11 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланди.