11,4 кг “опий” ва “гашиш” моддалари мусодара қилинди

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбирда Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшовчи фуқаро Ургут туманига бориб, танишидан 1 кг 916 грамм “опий” моддасини олиб, ўзининг бошқарувида бўлган “Нексия 2” русумли автомашинада доимий яшаш манзилига қайтиб кетаётган вақтида Булунғур туманида ушланган. Ундан гиёҳвандлик воситаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, унга ажал оғусини берган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, келгусида сотиш мақсадида сақланаётган 7 кг 331 грамм “опий” моддаси борлиги аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, ДХХ Навоий ва Жиззах вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан божхона ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Ғаллаорол туманида ўтказилган тезкор тадбирда Ургут туманида яшовчи фуқаро 469 грамм “опий” моддасини 8 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланган.

Мазкур шахс муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланиб, жазо муддатини ўтаган бўлса-да, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Суриштирув ҳаракатлари давомида у гиёҳванд моддаларни Ургут туманида яшовчи бошқа шахсдан 5 минг АҚШ долларига сотиб олганлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.