“Grand Swiss 2025”: Жаҳон шахмат тожи учун номзодлар аниқланди
 
                                                                        3-15 сентябрь кунлари Самарқандда умумий мукофот жамғармаси 855 минг (эркаклар учун 625 минг, аёллар учун 230 минг) АҚШ доллари бўлган “Grand Swiss 2025” халқаро шахмат турнири бўлиб ўтди.
2019 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган мусобақада 39 мамлакатдан 172 нафар жаҳон шахмат рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келаётган гроссмейстерлар, шунингдек, FIDE президенти тавсияси билан таклиф этилган шахматчилар швейцарча тизимда 11 тур давомида жаҳон чемпионати йўлланмаси учун дона сурди.
Турнирда 9 нафар эркак, 5 нафар аёллар ўзбек шахматчи иштирок этди.
Дунё рейтингининг «ТОП-100»талигига кирган кучли шахматчилар орасидан икки нафар эркак ва икки нафар аёл шахматчи жаҳон шахмат тожи учун талабгорлар турнирига саралаб олинди.
Натижаларга кўра, эркаклар ўртасида нидерландиялик гроссмейстер Аниш Гири турнирда 8 очко тўплаб, турнир чемпионлигини қўлга киритган бўлса, германиялик шахматчи Маттиас Блюбаум иккинчи бўлди.

Аёллар баҳсида 8 очко тўплаган ҳиндистонлик Рамешбабу Ваишали чемпион бўлди ҳамда халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) байроғи остида иштирок этган шахматчи Катерина Лагно ҳам 8 очко билан иккинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистонлик шахматчилардан эркаклар ўртасида Нодирбек Абдусатторов 7 очко тўплаб, кучли ўнликдан жой олган бўлса, аёллар ўртасида Афруза Ҳамдамова 5 очко билан 26 ўринни эгаллади.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси биринчи ўринбосари, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Халқаро шахмат федерацияси президенти (ФИДE) Аркадий Дворкович ҳамда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этди.
 
                 
                                     
                                     
                                     
                                     
                                    