Грант лойиҳалари жамият ривожига хизмат қилади

Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлашга бўлган эътибор йил сайин ошиб бормоқда. Масалан, бу борада давлат бюджетидан 2023 йилда 226,4 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 1.3 трлн. сўмни ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорига мувофиқ, “Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими алоҳида хўжалик юритувчи субъект – нодавлат нотижорат ташкилот (ННТ) сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. 

Бўлимнинг ННТ шаклида иш юритиши грант танловларида иштирок этиш имкониятини яратди. Чунки ушбу танловларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этиши ҳақли бўлиб, улар танлов асосида ажратиладиган давлат ва жамоат фондлари маблағлари ҳисобидан ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширадилар. 

“Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими ҳам халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этган танловда ўзининг “Самарқанд шаҳар “Янги ҳаёт” маҳалласи мисолида шаҳар маҳаллаларида жамоатчилик асосида фаолият юритаётган “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари аъзолари томонидан ёшларни китобхонликка қизиқтириш ва ахборот кутубхона марказларига  жалб қилиш орқали китобхонлик маданиятини ривожлантириш” лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолиб бўлди.

Лойиҳани бажариш учун ўтган вақт давомида “Янги ҳаёт” маҳалласида лойиҳага жалб қилинганлар рўйхати шакллантирилиб, 15 нафардан иборат “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзолари ўзларининг мактабда ўқиётган 17 нафар неваралари билан лойиҳада кўрсатилган вазифалар ижроси бўйича иш олиб борди. Асосий масала  мактаб ўқувчиси бўлган  невараларига дарсни ўзлаштиришларида кўмак кўрсатиш, ойида бир бор “Самарқанд китоб олами” савдо мажмуасида ташкил этиладиган “Неварамга китоб совға қиламан” акциясида иштирок этиб, невараларга улар танлаган китобни совға қилиш,  Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишлари учун улар билан шуғулланиш ва кутубхонага бирга олиб бориб, уларда китобхон кўникмасини шакллантириш каби эзгу ишлар бўлиб, лойиҳа режасида белгиланган вазифалар муддатида амалга оширилди. 

“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси китобини лотин ва кирил ёзувида чоп этишга буюртма берилиб, икки мингдан зиёд китоб шаҳардаги 215 та маҳаллага невараси мактабда ўқийдиган фаол нуронийларга тарқатилди.

“Янги ҳаёт” маҳалласида нуронийларнинг невараларига  Конституцияни ўргатиш борасида олиб борган ишлари бир неча бор ўрганилди ва Асосий Қонунни энг яхши ўзлаштирган ўқувчиларга китоблар совға қилинди.

Лойиҳа доирасида маҳалла ҳудудидаги 51-умумтаълим мактабининг юқор синф ўқувчилари ўртасида “Мен бўш вақтимдан унумли фойдаланаман” мавзусида иншолар танлови ўтказилиб, энг яхши натижа кўрсатган 9 нафар ўқувчи атоқли ёзувчиларнинг асарлари билан тақдирланди.

Айниқса, “Янги ҳаёт” маҳалласида истиқомат қилувчи  нуроний ва ёшлардан эллик нафари Тошкент шаҳрига бориб, Алишер Новоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиши уларда катта таассурот қолдирди. 

Умуман, ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда давлат грантларининг ажратилиши жамият ривожига ижобий таъсир кўрсатаётгани билан бирга “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилининг амалда бажарилаётганини яққол намоён этмоқда.  

Хуршид Нуруллаев,

“Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими раиси, лойиҳа раҳбари.