Гренландияда нима бор?

 

Деярли ҳеч нарса ўсмайдиган ва ерининг катта қисми яшаш учун яроқсиз "яшил мамлакат”да одамлар қандай яшайди?

Ердаги энг катта орол - Гренландия ҳудудининг 80 фоизи муз билан қопланган, шу сабабли унинг 55-60 минг нафар инуитлардан иборат аҳолиси сийрак жойлашган. Гренландияликлар ўзининг ноёб хусусиятлари туфайли бизнинг ҳаёт тарзимиздан анча фарқ қиладиган “бошқача”  турмуш тарзини олиб боришади.

ADME ушбу "яшил мамлакат" аҳолиси қандай яшаши, нималар истеъмол қилиши ва қандай дам олиши ҳақида қизиқди.

Транспорт

Гренландияда асосан ит тортилган чаналардан фойдаланишади, шаҳарларда йўллар бор, лекин бир шаҳардан бошқасига бориш учун қорда юрадиган  автомашина, қайиқ, самолёт ёки вертолётда учиш керак бўлади.

Гренландия таксиси шундай кўринишга эга. Нуук шаҳридаги оилавий компания сайёҳлик қайиқларини ўзига хос катакли нақш билан безаб, сариқ рангга бўяди. Ушбу қайиқларда сиз айсбергларга етиб боришингиз ва сувда туриб, сеҳрли панорамадан баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Маҳаллий ошхона

Гренландиянинг совуқ Арктика иқлим шароитидаги анъанавий “суаасат” шўрваси тюлень гўштидан тайёрланади. Ушбу ингредиент баъзан кит ёки денгиз қушларининг лаҳм гўшти билан алмаштирилади. Қуюқроқ бўлиши учун шўрвага гуруч ёки арпа солинади.

Котлетлар минг йиллар давомида Арктикада яшаб келадиган ҳўкизқўй қиймасидан тайёрланади.

Денгиз маҳсулотларини кенг истеъмол қиладиган инуитларнинг яна бир машҳур таоми - кит териси ва ёғидан олинадиган “мактак” одатда хом ҳолда истеъмол қилинади, лекин уни музлатиб, тузлаб қўйиш ҳам мумкин.

Яшил мамлакат одамларининг бир-бирлари билан мулоқот қилишлари ва бир чашка кофе устида суҳбат қуриб дам олиши учун “Каффемик” байрамона йиғин анъанаси бор. Каффемик учун фарзанд туғилиши, туғилган куни, мактабга борган биринчи куни ёки иш бошлаган биринчи куни каби турли хил сабаблар бўлиши мумкин. Гренландияликлар иссиқ уйларда йиғилишни ва яхши компанияда вақт ўтказишни хуш кўришади.

Миллий либос

Анъанага кўра, бола 13 ёшга тўлган куни совға сифатида оқ рангли “Анорак” деб номланадиган(шойи, атлас, канопдан тўқилган қалин мато ёки жундан тикилган) жуда бақувват либосни қабул қилиб олади. У бутун умри давомида бу кўйлакнимахсус тадбирлар ёки тўйларда кияди.

Ёши каттароқ оила аъзолари ўзига ов қилинадиган маҳаллий ҳайвонлар - тюлень ва оқ айиқларнинг терисидан кийим тикадилар. Айтганча, Гренландияда ёш аёллар ҳам овчи бўлиши мумкин, уларнинг дўстлари билан овга чиқишлари одатий ҳол.

 

Бошқа хусусиятлар

Гренландиянинг ноёб мероси унинг маҳаллий тили бўлиб, уни ўзлаштириш осон эмас. Кўп сонли олд қўшимча ва сўз ясовчи қўшимчалар туфайли сўзлар жуда узун бўлиб, бошқа тиллардаги бутун жумлаларга ўхшаб кетиши мумкин.

Нуук шаҳри энг шимолий пойтахт, лекин бу шаҳар ҳам баъзан ёзни бошдан кечиради. Йилнинг энг иссиқ даврида максимал ҳарорат 21 даража иссиқ бўлиши мумкин. Гренландиянинг асосий халқаро аэропорти пойтахтда эмас, балки бошқа шаҳар — Кангерлуссуакда жойлашган.

25 майдан 25 июлгача бўлган даврда Гренландияда ҳеч қачон қуёш ботмайди. Анъанага кўра, икки ой давом этадиган абадий кун 21 июнь куни миллий байрам сифатида нишонланади. Бу ерда осмон йилига 300 кундан ортиқ мусаффолигича туради. Бу эса меҳмонлар ва шаҳар аҳолисига шимолий ёғдуларни томоша қилиб завқланиш имкониятини беради.

Гренландияда иссиқ булоқлар кўп. Энг иссиғи Уунарток оролида жойлашган бўлиб, ундаги сув ҳарорати рекорд даражадаги +37 даражага етади.

Уунартокка етиб келган сайёҳлар иссиқ булоқларда сузиш билан бирга бир томондан денгизда сузаётган айсберглар, иккинчи томондан эса қадимий Инуит харобалари уйғунлашиб яратган ажойиб манзара шоҳиди бўлишади.

Сиз Гренландияга саёҳат қилишни хоҳлайсизми?

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.