GTL заводини қураётган ишчилар оммавий тартибсизлик келтириб чиқарди

Бугун, 21 октябрь куни ижтимоий тармоқларда "Enter Engineering" компаниясининг Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги объектларидан бирида ишчи-ходимлар томонидан норозилик уюштирилиб компания мулкига зарар етказилгани акс этган видео тарқалди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, ҳодиса 21 октябрь куни эрталаб соат 7:30 да ишчилар учун мўлжалланган ошхонадаги моноблок тизимидаги (электрон кириш тизими) техник носозлик содир бўлган, оқибатда улар кундалик овқатланишга кира олмаган. Бу эса катта норозилик келтириб чиқарган.

Ишчиларнинг норозилиги бош пудратчилар (Enter Engineering, Hyundai Engineering), шу жумладан, буюртмачи (Uzbekistan GTL) офис биноларининг дераза ойналари, офис жиҳозларини синдириш, шунингдек, бошқа вақтинчалик бино ва иншоотлар (ошхона, омборлар, назорат пунктлари ва бошқалар) бузилишига олиб келди.

Эрталаб соат 9:00 дан бошлаб қурилиш майдонида вазият барқарорлашди ва оммавий иш ташлаш тўхтатилди. Ҳозирда “Uzbekistan GTL” мутахассислари қурилиш майдончасидаги зарарни текширмоқда. Махсус техник гуруҳ томонидан тизимдаги носозликлар бартараф этилмоқда.

Айни пайтда, техник ходимлар ишчи гуруҳи моноблок тизимидаги носозликни тузатмоқда. Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Enter Engineering Pte. Ltd” раҳбарияти тафсилотларини билиш ва келажакда шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун воқеа жойига учиб кетди.