Ҳафта охирида ҳаво салқинлашиб, қисқа муддатли ёмғирлар ёғади

Бугун Ўзбекистон ҳудуди кучсиз циклон ҳаракати таъсирида бўлади. Республикада ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат эртага Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари бўйича ва мамлакатимизнинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.

«Ўзгидромет»нинг хабар беришича, 4 сентябрда республиканинг катта қисмида ҳавонинг очиқ бўлиши кутилмоқда, ёғингарчилик бўлмайди.

Шу кунларда ҳарорат кечаси 15-20 даража, кундузи 30-35 даража бўлади.

5-6 сентябрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Қозоғистон устидан ўтадиган антициклоннинг чегараси таъсир кўрсатади. Бундай синоптик вазият натижасида ҳаво салқинлашса-да, об-ҳаво асосан ёғингарчиликсиз бўлади. Ҳарорат кечаси 5 сентябрда 15-20 даражагача, кундузи 27-32 даражагача пасаяди, 6 сентябрда яна бироз пасайиб кечаси 12-17 даражани, кундузи 25-30 даражани ташкил қилади.

Республика бўйича шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши эҳтимоли бор.