“Ҳам саёҳат қиляпмиз, ҳам тарихни ўрганяпмиз”
Хабар қилганимиздек, вилоятдаги ўқувчи ва талабаларнинг қишги таътилдаги бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ёшлар туризми ҳафталиги ташкил этилди. Бугун бир гуруҳ жомбойлик ва булунғурлик ёшлар Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларга саёҳат қилди.
- Бугунги саёҳатга туманимизнинг фаол ёшлари таклиф қилинибди, улар орасида мен ҳам борлигимдан хурсандман, - дейди Булунғур туманидаги 42-мактаб ўқувчиси Сарвар Арзиқулов. – Туманимизда волейбол бўйича ёшлар терма жамоасининг аъзосиман. Жамоамиз жуда кўп мусобақалардан қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган. Яқинда вилоят бўйича ўтказилган мусобақада ҳам биринчи ўринни эгалладик.
- Ҳам саёҳат қиляпмиз, ҳам тарих фанидан билимларимизни оширяпмиз, - дейди Жомбой туманидаги 46-мактаб ўқувчиси Садоқат Абдураҳмонова. – Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларни томоша қилдик, уларнинг тарихи билан яқиндан танишдик. Айниқса, моҳир ҳунармандларнинг қўл меҳнати орқали тут дарахти пўстлоғидан тайёрланадиган қоғоз ва ундан ясалган турли хил буюмлар, кийимлар, қўғирчоқлар менда катта таассурот қолдирди.
Саёҳатларда вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманидан, асосан, ногиронлиги бўлган, ижтимоий “дафтар”ларда рўйхатда турган, шунингдек, фан олимпиадалари ва танловларда ғолибликни қўлга киритган йигит-қизлардан иборат 50 нафардан ёш иштирок этяпти.