Ҳамжиҳат эл бўлайлик, инсофсизни инсофга чақирайлик!

Коронавирус инфекциясидан ҳимояланиш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар халқимизни янада жипслашишга, бир-бирига беминнат ёрдам кўрсатишга чорламоқда.

Давлат инфекция тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ барча профилактик ишларни ўз зиммасига олиб, босқичма-босқич амалга оширмоқда.

Лекин айрим шахслар синовли кунларда аҳолининг безовталигидан шахсий манфаати йўлида фойдаланишга интилмоқда. Ваҳоланки, юртимизда, вилоятимизда озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотида мутлақо муаммо йўқ.

Шундай пайтда тадбиркор ва хизмат кўрсатувчи шохобчалар ходимларини инсофга чақириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Сиз шу халқ ҳисобидан даромад оляпсизми, халқнинг ҳурматини жойига қўйинг, зинҳор нарх-навони сунъий оширманг. Зеро, ҳаром луқма касалликдан ҳам ёмон, унга шерик бўлиш эса инсофсизлик ҳисобланади.

Шу ўринда халқимизга ҳам мурожаат қиламиз: вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, соғлиқни сақлаш муассасалари вазиятдан чиқиш учун барча чораларни кўрмоқда. Бошқа шаҳарларда таҳсил олаётган талабаларимиз ўзлари яшаётган жойларга бепул олиб келинаяпти.

Шуни ҳеч қачон унутманг, бизда нарх-навонинг ошиши учун ҳеч қандай асос йўқ.

Шундай экан, агар жойларда бундай ҳолатга дуч келсангиз, вилоят ҳокимлигидаги 66 230-42-13, вилоят прокуратурасидаги 66 231-13-88 рақамли телефонларга хабар беринг.

Нарх-навонинг сунъий ошишига йўл қўйганлар жазога тортилади.

Хабар муаллифи сир сақланиши кафолатланади.

Биз синовлардан ўтган ва оғир кунларда ҳам бир-биримизга елкадош бўлган халқмиз. Шуни унутмайлик.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги.