Ҳар бир ота-онанинг вояга етмаган болаларининг олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қандай бўлиши лозим?
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV-боби “Оила” боби бўлиб, ушбу бобга мувофиқ, оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасидалиги ҳамда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари давлатнинг бош қомусида бежизга белгилаб қўйилмаганлигидандир.
Ҳозирги вақтда, оила қурган ёшлар ҳаттоки ўрта ёшдан катта жамият фуқаролари томонидан энг ачинарлиси ўз фарзандларини сотиш ҳолатлари ҳамда турмушдан эрта ажралиш даражалари жуда кўпайиб кетаётганлиги турли ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган статистик кўрсаткичларда яққол кўзга ташланиб турибди.
Жамиятнинг ҳар бир оила аъзоси, яъни оиланинг ота-онаси Конституция ва қонунчилигимизда оиланинг ҳамда оиладаги фарзандларнинг ўрни, ҳар бир оиладаги ота-оналарнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тубдан онгли равишда тушуниб етмоғи лозим.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ, ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга, бола манфаатларига зид бўлган ҳолатлар бундан мустаснолиги кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга, бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.
Ҳар бир ота-онанинг масъулиятини ошириш ва оилавий муносабатга нисбатан масъулиятсизлик билан ёндошган ота-оналарга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига биноан жазо чоралари белгилаб ўтилган.
Жумладан, Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши, болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиши, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан жарима солишга сабаб бўлиши қатъий белгилаб қўйилган.
Ҳар бир ота-она ўзига қуйидаги белгиланган мажбуриятларни бажармаслик оқибатида ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича ҳам чоралар кўрилиши қонунчилигимизда белгилаб қўйилган.
Булар жумласига, ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;
узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;
ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;
муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса;
ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Агарда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ота-оналарга нисбатан, келгусида шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлиши, шу билан бирга Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмаслиги белгилаб қўйилган.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мамлакатимизнинг Конституцияси ва қонунларида бола манфаатини ҳимоя қилиш бўйича етарлича асосли ҳужжатлар мавжудлигини эътиборга олган ҳолда ҳар бир оила, ота-она ўз фарзандларининг келажаги бўйича қайғуришлари, мазкур қайғуришлар билан келажакда юртнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига ўз оилавий ҳислатлари билан энг катта ҳисса қўшган бўлар эдилар.
Мақоланинг бошида келтириб ўтилганидек, оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳар қандай ота-онанинг масъулиятсиз бўлишига ҳар бир ота-она йўл қўймаслиги бўйича чуқур хулоса қилишлари бўйича теран англаб етмоғи лозимдир.
Фурқат Анаров,
Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди судьяси.