Ҳаёт – бу нима? Бахт-чи?
Отам ишдан ҳориб келди-да, бизга қараб қўйди. Энам отамга қарай-қарай, олдидаги чойни қайтарди. Отам қўлини нонга узатгандан кейин энам дастурхоннинг четини қўли билан текислай туриб, секингина:
- Завранинг келини кетиб қопти, - деди.
- Нимага кетибди? – чой ҳўплаб туриб сўради отам.
- Ҳа, ҳалиги..., - чайналди энам. – Ўтириш қилиши керак экан...
- Қорни тўйган-да! – деди отам жаҳл билан. - Яна нима ками боракан?
- Қизи ўн бирни битираётганмиш, шунга тилла зирак...
- Қаёқдан чиқди бу фикрлар? – яна тутақди отам. – Одам ейдиган нонини, устидаги кийимини ўйлаши керак.
- Э-й-й, - энам ортига чекинди.
- Сен эй, дейсан! Манави калта ўйлайдиганлар кунда гаштак, кунда ўтириш қилишнинг ўрнига боласини ўқитишни ўйлаши керак! Сен минам менинг замонимда шу шароит бормиди? Одамлар замон-замон дейди. Замонда нима айб? Ҳайла, қирдаги Эшдавлат! Қизи бир йигитга тегувди, худди оч қолаётгандай уйига об келиб олди. Бу нима қилгани, тушунмайсан?! Худойим таоло айтган-ку, бир йигитга – бир қиз деб! Буни ажратганингманам нимага эришдинг? Никоҳ ўқилаётганда худонинг номи қўшиб ўқилади. Бу чаласаводлар худонинг ишига қарши чиқади. Ўзи умрида битта китоб ёки битта газет ўқимаган. Ғирт чаласавод, маърифати йўқ одам. Ундан нима кутса бўлади – ҳеч нарса!
Отам бор жаҳлини энамга сочади. Энам ҳамма нарсага ўзи айбдордай, “тўғри, тўғри” деб, дастурхоннинг четини сийпалаб ўтиради. Отам туриб-туриб, носкадисини қидириб қолади. Мен пўстакнинг тагида дўппайиб турган нарсани олиб узатаман. Отам жаҳл билан нос отади. Бироз вақтдан кейин деразадан туфлайди-да, қўлига чой олади. Отам оғзини чайиб, яна давом этади:
- Кечқурун ҳамма хона-хонасига кириб кетади. Ўғли ўзининг уйига, Эштов ўзининг уйига..! Бу – бир муштдай боласиминам бир хонада қолади. Бу бир ўзи ёлғиз. Тўғрима, шу иш?! Энди бу дунёни бузади, маҳаллага боради изиллаб... Маҳалла нима қилсин? Берса, бир халта ун, икки кило мой беради. Кейин-чи? У яна ёлғиз. Ҳеч нарсага чидаёлмайди. Кейин ҳокимиятга чиқади. Нима, ҳокимият унга эр топиб бериш керакма? Бир йигитга бир қиз чой қайнати-иб, ширингина овқатини қилиб турса, бундан ортиқ бахт борма дунёда! Энди шу нарса йўқ бўлгандан кейин, аёл дунёни бузади-да!
Энам “ўлинг-ей!” дегандай, отамга қарайди. Мен ҳайрон, ҳеч нарсага тушунмайман.
- Ҳалиям бўлса, шу сингилни турмушга узатиш керак! Бир ўзи аросатда қийналиб қолади.
Энам отамга қарайди, отам энамга. Мен бола бошим билан ҳеч нарсага ақлим етмайди. Нимага шу Эштов бобонинг хотини қизини ажратиб келди? Қизининг ўғли ҳам сўррайиб, саккизинчи синфга етди, отаси йўқ. Бу кимга керак?
Кир ювиш вақти отам кўйлагини ечади. Отамнинг баданини кўриб, қўрқаман. Икки биқинида икки чандиқ, чап қўлининг тирсагидан юқори қисмидан муштдай жойини ўқ юлиб кетган.
- Қўрқма, қўрқма, болам, - юпатади отам. – Фашист ўлдираман деган, қўлидан келмаган-да. Энди ўйласам, душманнинг ҳар бир ўқи одамга катта куч билан урилган, лекин худойим асраган-да. Эмаса, шунча минглаб ўқлар, миналардан омон қолиш осонма!
Отамнинг ўқ юлиб кетган жойига кичкина муштимни қўяман. Лоппа-лойиқ келади. Кейинчалик Ўткир Ҳошимовнинг “Музаффар” ҳикоясидан ўқиб билишимча, отам каби ярадор жангчилар минглаб, миллионлаб бўлган. Отам фақат “қўрқма”, дейди. Яна отамнинг оёғи сон қисмида ҳам ўқ излари бор.
Ҳаёт – бу нима? Битта кўйлак ёки зирак учун жанжал қилиш шартмикан?
- Ҳаккарнинг даштида кечасиминан, ойдинда бир гектар ернинг буғдойини ўрсин, кейин билади рўзғор нима, нон нима? Оддий ноннинг қадрини билмаса, рўзғорнинг қадрини билармиди?
Отам чой ҳўплаб, шифтга қарайди ва давом этади:
- Саратоннинг авжи. Буғдой шиғиллаб пишган. Вақтида ўриб олмасанг, нобуд бўлади. Иссиқдан ҳаммаёқ қуриб-қақшаган. Куни билан ўроқ ўриб, ҳолинг кетади. Бир косагина иссиқ овқат керак. Қани шу овқат? Олов ёқиб, овқат пишириш мумкин эмас, пожар бўлиб кетади. Иссиқда қуриб қолган чаккини сувга солиб, чалоб қилиб ичамиз. Ҳарна ошқозонга амал. Аммо бир коса пиёва ёки шўрва жуда керак-да. Чидайсан, атрофингдагиларнинг ҳаммаси шундай. Ҳафта, ўн кунда бир марта бригадир уйга жавоб беради. Келсам, энам зиғир мойга пиёзни қовуриб, хамир солиб беради. Энг зўр овқат шу! Анча қувватланасан. Эртаси куни Ҳаккарга, ўримга борсанг, ҳамма сенга ҳавас қилади: “Во-о, бу иссиқ ичиб келган-да”, деб. Ҳозиргидай бир кило гўшт қаерда, шира қаерда? Қутурасан-да баринг!
Мен қўрқиб энамга қарайман, энам бошини кўтармайди.
- Энди Завра нима қилади? – энам ерга қараганча гапиради.
- Момосининг майловига ҳам бормайди, - деди отам. - Бошига достиқ қилади қизини!
Мен яна тушунмай, энамга қарайман. Энам ерга қарайди ва дастурхон четини сийпалайди. Бахт – ўзи нима? Ёш бола бошим билан ҳеч нарсани тушунмайман...
Сиз тушунасизми?
Бобораҳмат Муҳаммадиев,
Нуробод тумани.