Ҳоким ёрдамчиси пора олган вақтида қўлга олинди
7 июнь куни ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга, фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, унда Самарқанд шаҳар Шукрона маҳалласида маиший хизмат кўрсатиш йўналишида тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида Халқ банки Самарқанд шаҳар филиалидан кредит олмоқчи бўлиб юрган вақтида ушбу маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс унинг ишончига кириб, банкдаги мансабдор танишлари орқали 150 миллион сўм миқдорида кредит чиқариб бериш эвазига 1500 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилиб келаётганлигини маълум қилган.
У ўз аризасида ҳоким ёрдамчисига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур аризага асосан, Самарқанд вилояти ИИБ тезкор-қидирув хизматининг коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, ДХХ вилоят бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти вилоят бошқармаси ходимлари хамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Самарқанд шаҳар Сайфи Сарой кўчасида жойлашган "Шукрона" маҳалла фуқаролар йиғини биноси ёнида ҳоким ёрдамчиси ариза муаллифидан 1500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.