Ҳолвойидаги боғчанинг янги биноси фойдаланишга топширилди

Жомбой тумани Ҳолвойи маҳалла фуқаролар йиғинида 120 ўринли 24- давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Мазкур ташкилотнинг очилиши эвазига маҳалладаги 425 нафар 3-7 ёшли болаларнинг 85 фоиздан ошиғи илк таълимга қамраб олинди.
Шу кунга қадар тумандаги 28-давлат мактабгача таълим ташкилоти филиали сифатида иш юритган 24-давлат мактабгача таълим ташкилотини қуриш учун 2.522 миллион сўмлик маблағ ажратилди.
Замонавий қад ростлаган боғчада болаларнинг сифатли таълим олиши учун барча шарт-шаротилар яратилган. Машғулотлар хонаси, мусиқа зали, умумий овқатланиш хонаси ва ётоқхоналар талаблар асосида жиҳозланган бўлиб, болаларни эртаклар оламига етаклайди.
Бугунги кунда Жомбой туманида 3-7 ёшли болалар 15423 нафарни ташкил қилиб, уларнинг 8666 нафари мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Тумандаги мавжуд 102 та мактабгача таълим ташкилотларидан 29 таси давлат, 15 таси нодавлат (хусусий) ҳамда 58 таси оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари бўлиб, болаларнинг қамрови 56,1 фоизни ташкил этади.
Умид ТОЖИЕВ,
Жомбой тумани мактабгача таълим бўлими мудири ўринбосари.