Ҳукумат қарори ижросида сусткашликка йўл қўйган раҳбарлар огоҳлантирилди
Бугун вилоятдаги бошқарма ва ташкилотларда давлат тилида ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритиляптими? Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ, бешинчи сессиясида кўриб чиқилди.
Сессияда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали, “Самарқанд сув таъминоти” АЖ, вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, вилоят Автомобил йўллари бошқармаси, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Давлат кадастрлар агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят транспорт бошқармаси раҳбарлари огоҳлантирилди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг қарорига кўра, юқоридаги корхона ва ташкилотлар ўз тизимидаги ходимларини давлат тилида иш юритишга ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ўқитишга доир малакасини ошириш юзасидан ўқитиш чораларини кўриш, туман (шаҳар) ҳокимликлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари тизимдаги корхона ва ташкилотлар биносидаги барча пешлавҳа, кириш эшикларидаги ёзувлар, ахборот ойналари ва бошқа ёзувларни ўрнатилган тартибда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш чораларини кўриш каби вазифалар топширилди.