“HUMO” тўлов тизимининг афзаллиги нимада?

Президентимизнинг 2018 йил 19 сентябрдаги “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг нақд пул муомаласини такомиллаштиришга доир фармон ва қарорлари асосида аҳолига кўрсатилаётган банк хизматлари турларини кенгайтириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш учун 2019 йил 1 июлгача нақд пулсиз миллий тўлов тизимини жорий этиш белгиланганди.

Ҳозирда вилоятимиздаги савдо ва пулли хизмат кўрсатиш корхоналарига UZCARD тизимида ишловчи 18 минг 919 та тўлов терминали ва 93 та банкомат аҳолига хизмат қилиб келмоқда. Эндиликда аҳолига нақд пулсиз тўловларни амалга оширишда янада қулайликлар яратиш, замонавий технологияларни жорий қилиш мақсадида “HUMO” миллий тўлов тизими ҳам жорий этилди. Бугунги кунда “HUMO” миллий тўлов тизимида ишловчи 18 минг 511 та тўлов терминаллари олиб келиниб, 15 минг 920 таси савдо ва пуллик хизмат кўрсатувчи шохобчаларга ўрнатилди.

Пластик карталардан фойдаланувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида 184 та “HUMO” банкоматлари олиб келиниб, шундан 137 таси вилоятдаги туман ва шаҳар марказлари ҳамда аҳоли гавжум жойларга ўрнатилди ҳамда улар етарлича нақд пул маблағлари билан таъминланмоқда. Вилоятимиздаги банк филиаллари захирасидаги яна 47 та “HUMO” банкоматлари ҳам йил якунигача ўрнатилади. Бундан ташқари, тижорат банк омборларида 2 591 та “HUMO” тўлов терминаллари захираси яратилган ва мижозларнинг хизмат кўрсатувчи банкка мурожаати асосида ўрнатиб берилади.

Энди кўпчиликни қизиқтираётган “HUMO” тўлов тизимининг афзалликларига тўхталсам. Авваламбор, бу миллий тўлов тизими. Иккинчидан, савдо амалиётларини бажаришда тўлов терминали турли карталарни қабул қилади (Visacard. Mastercard, UnionPay ва бошқалар) ҳамда кўп вақт талаб этмайди. Пластик карточка йўқолганда уни карта эгаси мустақил равишда банк мобил иловалари орқали тўхтатиши ёки ишга тушириши мумкин. Шунингдек, 50 минг сўмгача бўлган тўлов кодсиз амалга оширилади. Масалан, жамоат транспортида белгиланган жойга пластик картани яқинлаштириш орқали қатъий белгиланган йўл ҳақини тўлаш мумкин. Айрим тижорат банклари томонидан стикер ва брослетларга картани бириктириш орқали пластик карточка иштирокисиз тўловни амалга ошириш хизматлари ҳам жорий этилган.

Пластик картадан фойдаланадиган фуқаролар ва тижорат банклари мижозларига эслатма сифатида шуни айтмоқчимизки, агарда савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш шохобчаларида Сизнинг пластик картангиздан маблағ олишни асоссиз рад этиш ёки савдо қоидалари бузулиш кузатилса, дарҳол вилоят давлат солиқ инспекциясининг (66) 234-06-16 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилинг. Сизнинг мурожаатингиз эътиборсиз қолмайди ва қоидабузар субъектларга нисбатан тегишли чора кўрилади.

Фурқат АҲМЕДОВ,

Марказий банк вилоят бош бошқармаси пул-муомаласини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи.

Азиз ТОЙИРОВ,

Марказий банк вилоят бош бошқармаси мутахассиси.