Ҳунармандлар шифокорлар меҳнатига бефарқ эмас

“Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси ташаббуси билан пандемия даврида вилоят соғлиқни сақлаш тизимида фаолият олиб бораётган соҳа мутахассислари меҳнатини эътироф этиш ва уларни тақдирлаш мақсадида тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллик байрами муносабати билан ўтказилган тадбир давомида “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармасига аъзо ҳунармандлар вилоят кардиология диспансери, Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-клиникаси ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида аҳолига беминнат хизмат кўрсатиб келаётган бир гуруҳ шифокор, ҳамшира ва санитария хизмати ходимларига ҳунармандчилик маҳсулотлари туҳфа этди.

- Салкам олти ойдирки, тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш мақсадида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилмоқда, - дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов. – Биргина эътибор, эътироф, рағбат кишига катта куч, хурсандчилик олиб келади. Тадбирни ташкил этишимиздан мақсад ҳам шу. Балки ҳунармандларимиз томонидан 40 дан зиёд қўлда ясалган кулолчилик маҳсулотлари ва тикувчилик буюмлари катта совға саналмас, бироқ уюшмамиз аъзоларининг уларга бўлган меҳри саломатлигимиз посбонларига қувонч улашгани барчасидан устун бўлди.

- Кўп йилдан буён вилоят кардиология диспансерида ҳамшира бўлиб ишлайман, - дейди Наргиза Норбоева. – Очиғи, ҳунармандларимиз томонидан қўлда тикилган сумка ва миллий руҳ сингдирилган шарф менга жуда ёқди. Айниқса, қимматли вақтларини аямай, меҳнатимизни эътироф этганидан бошимиз осмонга етди.

“Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси ахборот хизмати.