I чоракда муомалага чиқарилган нақд пуллар ҳажми камайди
Марказий банк берган маълумотга кўра, 2023 йил январь-март ойларида умумий пул тушумлари (нақд пул ва терминал тушумлари) 140,8 трлн. сўмни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 37 фоизга ошган.
Жумладан, умумий пул тушумларида терминал орқали тушумлар улуши 2022 йил I чорагидаги 31,2 фоиздан 2023 йилнинг мос даврида 37,6 фоизга ўсиши кузатилган.
Банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 173,9 трлн. сўмни ташкил этгани ҳолда, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 23,6 фоизга ошган.
Жумладан, банкларга нақд пул тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,2 фоизга ўсиб, 87,8 трлн. сўмни ташкил қилган.
Банк кассаларидан (шу жумладан, банкоматлардан) берилган нақд пуллар 2022 йил январь-март ойларига нисбатан 23 фоизга кўпайган ва 86,1 трлн. сўмни ташкил этган.
Банк карталарига кирим қилинган маблағлар (163,8 трлн. сўм) 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробарга ошган, ушбу даврда банк карталаридаги 39,6 трлн. сўм маблағлар нақдлаштириб олинган.
Муомалага чиқарилган нақд пуллар ҳажми 2,2 трлн. сўмга камайиши кузатилди.