2022 йилда нақд пул айланмаси 38,1 фоизга ошди
2022 йилда банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 700,3 трлн. сўмни ташкил этгани ҳолда 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 38,1 фоизга ошди.
Жумладан, банк кассаларига нақд пул тушумлари 343,9 трлн. сўмни, ўз навбатида, чиқим қилинган нақд пуллар 356,4 трлн. сўмни ташкил этди.
2022 йилда банк кассаларига жами нақд пул тушумлари 2021 йилга нисбатан 36,6 фоизга ошган бўлса, савдо ва хизматлар соҳасидан тушумлар 28,5 фоизга (36,1 трлн. сўм) ва банк хизматларидан нақд пул тушумлари 60,4 фоизга (43,3 трлн. сўм) ошди. Жами тушумлар таркибида савдо ва хизматлар соҳасидан тушумлар улуши 3,0 фоиз бандга камайиши кузатилди.
2022 йилда савдо ва хизматлар соҳасидан жами тушумлар 259,0 трлн. сўмни ташкил қилиб, шундан, 62,8 фоизи (162,7 трлн. сўм) нақд шаклда, 37,2 фоизи (96,3 трлн. сўм) терминаллар орқали банк ҳисобрақамларига кирим қилинди (2021 йилда 64,6 фоизи нақд шаклда, 35,4 фоизи терминаллар орқали банк ҳисобрақамларига кирим қилинган эди).
2022 йилда банк кассаларидан (шу жумладан, банкоматлардан) берилган нақд пуллар 2021 йилга нисбатан 39,5 фоизга (100,9 трлн. сўм) кўпайди.
Мазкур ҳолат банк карталаридан нақд пул ечиш миқдорининг 54,4 трлн. сўмга (2021 йилга нисбатан ўсиш – 57,2 фоиз), банклар томонидан аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш ҳажмларининг 18,1 трлн. сўмга (ўсиш – 28,3 фоиз) ошиши асосий омил бўлган.