Ибратли воқеа: Бир исм фазилати

2016 йил, 30 сентябрь куни. Онажоним зиёратига ошиқдим. Файзиобод  "Дамас"ига ўтирдим. Энг сўнггида қорачадан келган, ёши олтмишлардан ошган, болали аёл чиқиб келди.

Қизча икки ёшлардан ошган, буғдойранг, кўзчалари қоп-қора, қошлари энликкина, одамни ўзига тортадиган эди. Негадир қизчанинг исмини билгим келди.

- Бу қизчанинг исми нима?

Бувижониси хотиржамлик, кўнгил тўқлик билан, худди ўзидан рози бўлгандай оҳангда жавоб айтди.

- Неварамга кундошимнинг исмини қўйганман — Шарофатхон.

- Кундошимнинг исми, дейсизми?

- Ҳа...

- Мана, етмишга етай деяётган бўлсам, кундошнинг исмини ардоқлаб, набирасига қўйган одамни биринчи марта эшитишим. Кўнглингизга тасанно! Шунақа кенг, шунақа дарё эканда-а...

Аёл мен сўролмаётган саволларни беихтиёр ўзи ҳикоя қила кетди.

- Кундошим раҳматли яхши аёл бўлган экан. Одамлар уни тез-тез эслашади. Касалликка чалиниб, бевақт ўтиб кетган.

Бир ўғли, бир қизи менга қолган. Шу набирамнинг отаси мен келганимда етти яшар бола эди. Шу ўғлимни уйладик. Ўн йил деганда шу қизни Аллоҳ берди.

- Исмини нима қўямиз? - деди дадаси. Мен айтдим:

- Сен мени ҳурмат қиласан. Эъзозлайсан, раҳмат. Қизингга онангнинг исмини қўямиз, - дедим.

Ўғлим "дод" деб йиғлаб, уйга, ичкарига кириб кетди. Мен ҳам роса йиғладим. Ҳеч ким ўз онасидан қолмасин...

Ўғлим  роса йиғлади. Ич-ичида йиғилган айрилиқ, соғинчларини тўкиб йиғлади. Кейин чиқиб:

- Раҳмат, аяжон, - деди яна тўлиқиб.- Соғ бўлинг...

Олдимдан чиқиб, аммасиникига борибди. Аммаси ҳам сўрабди.

- Қизингнинг отини нима қўйдиларинг?

Ўғлим Умиджоним аммасига қарармишу, гапиролмай, кўзидан ёши қуйилармиш... Айтолмабди, фақат йиғлабди, холос.

Шу қизгинамнинг исми шарофати билан яна бир яхшиликлар бўлди. Кундошимнинг опа-сингиллари мен шу оилага келибманки, қадам босиб келишмаганди. Сингилларининг исмини набирамизга қўйганимизни эшитиб, йўқлаб, эшикдан кириб келишди. Улар билан борди-келдили бўлиб қолдик.

Матлуба Деҳқон қизи.