Ибратли воқеа: Кўкат барги
Хожа Абу Ҳафс Кабир (раҳматуллоҳи алайҳ) илмда комиллик даражасига етди. Устози ул зотга ижозат бериб: “Бухорога бориб одамларга панду насиҳат қилинг, тўғри йўл кўрсатинг”, деди. Хожа Абу Ҳафс уйга келиб, бу ҳақда жуфти ҳалолига маслаҳат солди.
Заифалари айтдики: “Хожам, шу кунга қадар бирор нарсани эгасидан рухсатсиз еганмисиз?”. Хожа айтди: “Норасидалик вақтимда бир куни оташпарастларнинг кўчасидан борар эдим. Бир кўкат баргини олиб едим. Сенинг саволинг сабаб шу гуноҳим ёдимга тушди”.
Хотини: “Эй хожа, токи ўша кишининг ҳақи сизда бор экан, сўзингиз халойиққа таъсир қилмас”, деди.
Хожа оташпарастнинг кўчасига югурди. Кўкат эгасини топиб, унга ялинди, рози бўлгин, деб илтимос қилди. У рози бўлмади.
Хожа айтди: “Ўша кўкат барги учун бир танга берайин”. У қабул қилмади. Охири Хожа: “Юз танга берайин”, деди.
Шунда оташпараст: “Эй хожа, бу гапни сенга ким айтди?” деб сўради. Хожа: “Аёлим айтганди”, деди. Ҳалиги киши: “Мен ҳам бугун хотиним билан машварат қилиб, эртага жавобини айтаман”, деди.
Тарсо уйига бориб, хотинига воқеани баён қилди. Хотини: “Бир барг учун сендек кишига бундай тавалло қилса, унинг дини барҳақ экан. У Хожа яна келса, унинг динига кирайлик”, деди. Тарсонинг ҳам кўнгли мойил бўлди.
Эртаси куни хожа борганида, икковлари унинг олдида имон келтирди. Уларни кўриб хеш-ақраболарининг ҳаммаси мусулмон бўлдилар.
***
Қиссадан ҳисса шуки, дин йўлида илм ўрганиб, Ҳақ йўлида хизмат қилмоқчи бўлган киши аввало олган илмига ўзи амал қилса, унинг сўзи таъсирли, амали барокатли бўлади.
Сўфи Оллоёр, “Маслак ул-муттақин”асаридан.