Ичиб машина бошқарганлар 15 йилгача қамалади

Спиртли ичимлик ичиб машина бошқариб, йўл транспорт ҳодисаси содир этган ҳайдовчилар, агар шу ЙТҲда қурбонлар бўлса 15 йилгача қамалади. Россия Давлат Думаси янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидаларида спиртли ичимлик ичиб машина бошқаришга қўлланиладиган жазони кескин ошираяпти.

Россияда, спиртли ичимлик ичиб машина бошқаришга қарши кураш янги босқичга кираяпти. Давлат Думаси спиртли ичимлик ичиб машина бошқаришга қўлланилаётган жазоларнинг кескин оширилишини назарда тутадиган қонун лойиҳасини илк ўқишдаёқ кўпчилик депутатларнинг ёқлаб овоз беришлари ортидан қабул қилди.

Янги қонунга кўра, маст ҳайдовчи томонидан содир этилган ЙТҲ туфайли кимдир жароҳат олса ўша ҳайдовчига 3 йилдан 7 йилгача бўлган қамоқ жазоси қўлланилади. Эски қонунда бу қоидабузарлик учун 4 йил қамоқ жазоси бериш назарда тутилган эди.

Агар, маст ҳайдовчи томонидан содир этилган ЙТҲ 1 кишининг ўлимига сабаб бўлса, ўша ҳайдовчи 5 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси олади. Эски қонунда бу иш учун 2 йилдан 7 йилгача қамоқ жазоси бериш назарда тутилган эди.

Агар, маст ҳайдовчи содир этган ЙТҲ  2 ва ундан ошиқ одамнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлса, ўша ҳайдовчи 8 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси олади. Эски қонунда бу иш учун 4 йилдан 9 йилгача қамоқ жазоси бериш назарда тутилган эди.

Янги қонунга кўра, ҳар қандай спиртли ичимлик ичиб машина бошқариб, ЙТҲ содир этиб кимнидир ҳалок бўлишига сабаб бўлиш бу "ўйлаб амалга оширилган қотиллик" деб баҳоланади.

Давлат Думасида ушбу қонун муҳокама қилинаётганда РЛДП раҳбари Жириновский спиртли ичимлик ичиб ЙТҲ содир этган ҳар қандай ҳайдовчининг, хоҳ у кимнидир ўлимига сабаб бўлсин, хоҳ сабаб бўлмасин машинасини ҳам мусодара қилиш таклифини берди. Аммо, бу таклиф депутатлар томонидан қўлланилмади.