Ички саёҳатлар 40 фоизгача арзонлаштирилади
Аввал хабар берганимиздек, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида ички туризмни рағбатлантирувчи чоралар белгиланди.
Унга кўра, янги жорий этилаётган авиақатновларга чипталар Ўзбекистон фуқароларига 25 фоиз арзон сотилади, агар ушбу чипта туроператор орқали харид қилинса, ушбу чегирма миқдорига 15 фоиз қўшилиб, умумий 40 фоизлик чегирма тақдим этилади.
Шу билан бирга, туроператор орқали харид қилинган меҳмонхона хизматлари ҳам 10 фоизга арзонлаштирилган нархда сотилади.
2020 йил 3 февралдан йўлга қўйилган Урганч-Фарғона-Урганч авиарейси энг арзон нархи - 920 минг сўм. Маҳаллий сайёҳ ушбу чиптани бевосита авиакассадан сотиб олганда чипта нархи 25 фоизга арзонлашиб, 690 минг сўмни ташкил қилади. Туроператор орқали харид қилганда эса яна 15 фоиз чегирма тақдим қилиниб, чипта нархи 587 минг сўмни ташкил қилади - 333 минг сўм чегирма тақдим қилинмоқда.
Худди шу каби туроператорларга йўлга қўйилаётган темир йўл қатновларидаги чипталарга ҳам 15 фоизлик чегирма тақдим этилади. Бунда Термиз-Самарқанд йўналишидаги 108 минг сўм турадиган чипта нархи 92 минг сўмни ташкил қилади.
Ўз навбатида, фуқаро туроператор орқали меҳмонхонани брон қилса, шартли равишда “Ўзбекистон” меҳмонхонасидаги 1 кишилик стандарт хона нархи 270 минг сўмни ташкил қилса, бу фуқаро учун туроператорга тақдим қилинган корпоратив нархлар асосида 200 минг сўмни ташкил қилади. Юқоридаги 10 фоиз чегирма ҳисобига эса меҳмонхона нархи 180 минг сўмга айланади. Якунда ташкил қилинган механизмга кўра, 270 минг сўм турувчи меҳмонхона 90 минг сўмга арзонлашмоқда.
Ўз навбатида, туристик йиғимдан тушган маблағлар тўлиғича ички саёҳатларни рағбатлантирувчи дастурларга йўналтирилади. Қонунчиликка кўра, меҳмонхона йиғимлари солиқ солинадиган базага киритилмайди.