ИИВ Самарқанд академик лицейи қизлари билан давра суҳбати бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Самарқанд академик лицейида “Бугунги сиёсий жараёнларда хотин-қизлар мавқеи” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

- Ҳозирги глобаллашув даврида ўсмир қизлар онгида мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш лозим, - деди “Оила” илмий-амалий маркази шаҳар бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди С.Зоҳидова. – Ғарб маданиятига билиб-билмай эргашаётган ёшлар ўзлигимизни, момоларимиз қолдирган урф-одатларимизни унутмоқда. Оқибатда оилавий ажримлар, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир бўляпти. Аёлнинг жиноятга қўл уриши жуда ачинарли. Биз қизларимизни маънавиятли, маърифатли, билимли қилиб тарбияласак, жамиятимиз тараққиётига катта ҳисса қўшган бўламиз.

Давра суҳбатида академик лицей ўқувчи-қизларига хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида маълумот берилди. Баҳс-мунозара тарзида бўлиб ўтган тадбирда қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Нилуфар МАЛЛАЕВА,
лицей хотин-қизлари кенгаши раиси.