Ижтимоий дорихонада тиббий препарат ва воситаларнинг нархи қанча фарқ қилади??
Ижтимоий дорихоналарнинг асл мақсади – фуқароларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш. Яъни, кучли кимёвий дорилар ўрнига бевосита ўзимизда ўсадиган гиёҳлардан тайёрланган малҳамларни мунтазам истеъмол қилишга ўргатиш. Шу мақсадда айни пайтда шифохона, санаторий ва оилавий поликлиникаларда, ҚВПларда шундай дорихоналар очилган. Уларда ҳозирча 152 турдаги ижтимоий аҳамиятга молик дори воситалари сотилмоқда.
Дарвоқе, тоғли қишлоқларда жадвал асосида кўчма дорихоналар ташкил этилади. Мисол учун, Тойлоқ туманидаги бу иш "Самарқанд дори-дармон" АЖга қарашли 17-сон ижтимоий дорихона орқали амалга оширилади.
– Туманда 12 та ижтимоий дорихона бор, – дейди муассаса мудири Турсунмурод Худойқулов. – Улардаги нархлар бошқалардагига қараганда бир мунча арзон. Бундан ташқари, биз доривор ўсимликлардан кўпроқ фойдаланиш юзасидан тарғибот ишлари олиб боряпмиз.
Ижтимоий дорихона нархларини кузатар эканмиз, энг кўп фойдаланиладиган шприцнинг нархи 190 сўмдан 270 сўмгача белгиланган. Бу бошқа дорихоналарга нисбатан арзонроқ. «Линекс» дориси 18 522 сўм бўлса, бошқа дорихоналарда 20 000 сўм атрофида сотилмоқда. Бу аҳолига енгиллик яратиб, чекка қишлоқлардан ҳам харидорлар келишини таъминламоқда.
– Туман марказий поликлиникаси ҳудудида 5-6 та дорихона бор, – дейди Сариосиё маҳалласида яшовчи Абдусалом Ўринов. – Барчасининг нархлари турлича. Ижтимоий дорихоналарнинг нархи бироз ҳамёнбоп. Шунинг учун узоқ бўлса ҳам, шу ерга келиб, керакли дориларни харид қиламиз. Шунингдек, керакли дориларнинг аксариятини шу ердан топиш мумкин.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотларига кўра, вилоятимизнинг шаҳар, туман марказлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари қошидаги оилавий поликлиникалар, қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа аҳолига қулай бўлган жойларда "Самарқанд дори-дармон" АЖга қарашли 220 та ижтимоий дорихона фаолият юритяпти. Шунингдек, дорихона мавжуд бўлмаган чекка ва узоқ ҳудуд аҳолисини сифатли ва арзон дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлаш мақсадида 11 та "Дамас" автомашиналарининг кўчма дорихона шохобчалари ҳамда 1 та "Исузу" русумли юк машинасидаги кўчма дорихона беминнат хизмат қиляпти.
Дорихоналарнинг барчаси "Самарқанд дори-дармон" АЖга қарашли экан. Вилоятимизда фаолият юритаётган бошқа дорихоналар ижтимоий дорихона мақомига мос эмасми? Ёки улар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майда тасдиқланган низоми талабларига жавоб бермайдими?
Рақобат бор жойда юксалиш бўлади. Шундай экан, аҳолининг ижтимоий қатламига енгиллик яратиш учун фақатгина бир корхонанинг эмас, балки бошқа хусусий дорихоналар фаолиятини ҳам жалб этиш лозим. Ижтимоий дорихоналарнинг кўпайиши аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтирибгина қолмай, уларни арзон, сифатли дори воситалари билан таъминлайди.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.
САМАРҚАНД ШАҲРИДАГИ “САМАРҚАНД ДОРИ-ДАРМОН” ИЖТИМОИЙ ДОРИХОНАЛАРИ МАНЗИЛЛАРИ:
Вилоят стоматология поликлиникаси: Озод шарқ кўчаси, 10 уй.
Самарқанд шаҳри КТМП: Буюк ипак йўли кўчаси, 1-"a" уй
Буюк Ипак йўли кўчаси, 17 уй.
3-оилавий поликлиникаси: Ғиёсиддин жамшид кўчаси, 21 уй.
Беруний кўчаси, 16-"a" уй.
8-оилавий поликлиникаси: Спитамен Шоҳ кўчаси, 207 уй.
Самарқанд ВБКТМ: Ғиёсиддин кўчаси.
5- оилавий поликлиникаси: Боғдод кўчаси, 39 уй.
10- оилавий поликлиникаси: Кимёгарлар қўрғони, 29 даҳа, 91 уй.
Вилоят перинатал маркази: Суғдиёна массиви, Али Қушчи кўчаси, 3-уй
1-сон болалар шифохонаси: Буюк Ипак йўли кўчаси.
Вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси: Даҳбед кўчаси, 97-уй
Шаҳар тиббиёт бирлашмаси (марказий шифохона): Алишер Навоий шоҳ-кўчаси.
Вилоят онкология диспансери: Амир Шоҳмурод кўчаси.
Вилоят кўз касалликлари шифохонаси: Мерб кўчаси 73-"a" уй.
Ногиронлар минтақавий реабилитация маркази: Хўжа Аҳрор Вали кўчаси, 28-уй.
6- оилавий поликлиникаси: Жўрақулов кўчаси.
6- оилавий поликлиникасининг 1-сон филиали: Фарҳод қўрғони.
Беруний кўчаси, 144-А уй.
Гагарин кўчаси, 134 уй
Самарқанд вилояти скрининг маркази: Али Қушчи кўчаси, 19/82 уй.
Сартепа маскани, 149-"a" уй.
Самарқанд шаҳри 2-ОП: Ўзбекистон кўчаси.
Махдуми Аъзам кўчаси, 2 уй.
Самарқанд шаҳри 9-оилавий поликлиникаси: Спитамен шоҳ кўчаси, 207 уй.