Ижтимоий карта ҳам ҳужжат, ҳам тўлов воситаси бўлади
“Ижтимоий давлат” тамойили ўз-ўзидан қарор топмайди. Унга эришишнинг талаб ва мажбуриятлари борки, бугун давлатимизда айни соҳада катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ижтимоий ҳимоя тизимини рақамлаштириш, ижтимоий хизматлар тури ва сифатини ошириш чора-тадбирлари шулар жумласидан.
Президентнинг 2024 йил 18 июлдаги тегишли қарорига мувофиқ жорий этилган "Ижтимоий карта" ахборот тизими ҳам айни йўналишдаги муҳим янгилик ҳисобланади. Бу жараёнда ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатишни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолашни босқичма-босқич автоматлаштириш белгиланган.
Ижтимоий карта бир вақтнинг ўзида ҳам тўлов воситаси, ҳам фуқаронинг эҳтиёжманд тоифага мансублиги тасдиғи ҳисобланади. Унинг жорий этилиши натижасида 72 турдаги ижтимоий хизмат, 76 турдаги ёрдам ва 200 га яқин имтиёзлар ягона электрон тизимда умумлаштирилади. Қоғоз шаклидаги ҳужжатлар бекор қилиниб, вақт ва маблағ тежалади. Соҳа тўлиқ рақамлаштирилиши орқали ҳар бир оиланинг эҳтиёжлари ва имкониятларини акс эттирадиган “ижтимоий-рақамли паспорт” жорий этилади.
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида 2024 йилнинг 27 декабрида Вазирлар Маҳкамасининг 897-сон қарори қабул қилинди. Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий картаси тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Ҳужжатга мувофиқ, "Ижтимоий карта" АТ маълумотлар базаси Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан фуқаролар ва давлат органлари тақдим этган маълумотлар, шу жумладан биометрик маълумотлар асосида шакллантирилади ва юритилади. Ижтимоий картани молиявий агент сифатида иштирок этувчи республиканинг резидент тижорат банклари тақдим этади.
Ижтимоий картани бериш ва ундан фойдаланиш учун аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали, "Ижтимоий карта" мобил иловаси, "Инсон" ижтимоий хизмат марказлари ҳамда молиявий агентлар орқали топширилиши мумкин.
Шуҳрат АБДУХАЛИМОВ,
вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари.