“Илҳақ” тинч ва фаровон кунлар фидойилик эвазига қўлга киритилганлигини эслатди

Болалигимда ҳинд фильмларини оилавий томоша қилиб, кўзимиз ёшланарди. Кейин улғайдик, ақлимиз тўлишди, қизиқишларимиз ўзгарди шекилли, бундай фильмлардан таъсирланмай қўйдик.

Баъзида бунинг сабабини улғайганимизда, қизиқишларимиз ўзгарганида, ташвишларимиз ортганидан эмас, балки қалбларимиз тош қотганидан бўлса керак, деган хулосага ҳам келаман.

Бугун қайғуни ҳам, қувончни ҳам тез унутамиз, фикрлашга, мушоҳада қилишга вақтимиз етмаётгандек. Замон шиддатидан қолиб кетмайлик деб, ҳамиша шошамиз, ишларимизга улгурмай қолишдан қўрқамиз...

Лекин келган жойимиз, топган ҳаловатимиз қани? Шуми...

“Илҳақ” фильмини томоша қилиб, бехосдан уйқудан уйғонгандек ҳис қилдим ўзимни. Сизда ҳам баъзида шундай бўладими? Бирор асар ўқиганингизда, бирор воқеани кўрганингизда ёки эшитганингизда туйқусдан кимдир туртгандек, ғафлатдан уйғотгандек бўлади.

Карантин пайтида кўп нарсалар ҳақида ўйлаб олишга вақтимиз бўлди. Илгаридек, тонгда уйқуга тўйиб-тўймай ишга шошиш йўқ, кечқурун ҳориб-чарчаб уйга қайтиш ҳам аслида катта бахт эканлигини англаб етгандекмиз. Ишимиз билан боғлик катта-кичик ташвишлар аслида Сизнинг ҳам жамият учун керакли киши эканлигингизни, кимгадир фойдангиз тегиши мумкинлигини англатар экан...

Фильмда машъум уруш даҳшати биргина образ – 5 фарзандини урушга кузатиб, ҳаммасидан ажралган Она тимсолида рўй-рост очиб берилган. Миллат бошига тушган кўргиликлар кичкина қишлоқдаги бир неча оилалар мисолида оддий тарзда, маҳорат билан тасвирланган. Сюжет оддий (Иккинчи жаҳон уруши даврида кўп оилалар бошига шундай кун тушган), фильм воқеалари реалликка асосланган (прототип – Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи онахон Зулфия Зокирова), ортиқча бўрттиришларсиз, ажойиб фильм ишланган. Қаҳрамонлар феъл-атвори, кечмиши ҳам жуда таъсирли. Масалан, онасининг қилмиши учун ақлдан озиб қолган Юсуфнинг севгилиси образи, “қорахат” келтириб, ҳаммадан калтак ейдиган соқов почтачи йигит образи, урушга кетишни орзу қилиб, раис отасининг норозилиги учун “дизертир”га айланиб, оқибатда бемаъни ўлим топган Мэлс образи, урушда ўлган деб, хотини ўз укасига никоҳланган йигит ва ҳоказолар. Аянчли, мураккаб, чигал тақдирлар – бизнинг яқин ўтмишимиз, ўтган кунларимиз.

Қолган образлар ҳам жуда ҳаётий. Фильм воқеликлари ўзбек адабиётининг кўпчиликка маълум, ҳалқимиз кўнглидан жой олган эпизодларидан жамланган бўлса-да, энг дурдона, машҳур кўринишлар картинада танлаб олинган. Эътибор берган бўлсангиз, картина охирида ундаги ҳар бир қаҳрамоннинг ҳақиқий фотосурати ва ролни ижро этган актёр кўрсатилади. Улар бир-бирига шунчалик ўхшашки, кинокастингда актёрлар танловига муҳим эътибор қаратилиб, қаҳрамонлар айнан қиёфадошлардан танлаб олинган ёки бу гримм усталаримизнинг маҳорати. Фильмнинг муваффақиятини ана шу жиҳатлар таъминлаган бўлса, ажабмас. Лекин фильм баъзи бир хато ва камчиликлардан ҳам холи эмас, лекин жузъий.

Кейинги 5-6 йил давомида бирорта ўзбек сериали ёки кинофильмларини мириқиб томоша қилганимни эслолмайман. Бўлар-бўлмас, бачкана сериаллар, “ялтироқ” киноларни кўргандан, бўш вақт бўлганида китоб ўқиган яхшироқ, у чарчаган асабларни тинчлантиради.

Фильмдан қаттиқ таъсирландим, ундаги воқеалар залвори одамни эсанкиратиб, фикрлашга ундайди. Фильм бу кунларга осонликча, етмаганимизни, фақат урушда жон бериб, жон олганлар эмас, уруш ортида қолганлар ҳам аслида катта қаҳрамонлик кўрсатганини, ана шу фидойиликлар эвазига тинч ва фаровон кунлар қўлга киритилганлигини яна бир марта эслатиб қўйгандек, гўё...

Аслида оқибати жаҳон урушларидан сира кам бўлмаган бугунгидек “биологик хуружлар” даврида яна бир марта чуқурроқ ўйлаб кўришга вақт ҳам бор, сабаб ҳам...

Нега яшаяпмиз, мақсадимиз нима? Фақат кун ўтказишми? Жамиятни нима издан чиқариши мумкин?

Биздан ҳеч қандай қаҳрамонлик талаб этилмаяпти. Бор йўғи, ҳар биримиз ўз вазифамизни чинакамига адо этсак, бўлгани - ҳеч қандай алдовларсиз, ёлғонларсиз.

Умид қиламизки, карантиндан сўнг ҳар биримиз бошқа инсонларга айланамиз ва ҳаётимиз бутунлай бошқача бўлади...

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.