Илм ва ижодда шерик бўлиш ахлоққа зид
Илм ва ижод қилиш завқи ўзгача. Лекин бу завққа ташқаридан бошқа олимнинг қўшилиши завқни пасайтиради. Яқинда мен бир олимнинг ҳаммуаллифлик асосида мақола ёзиш маданияти, тўғрироғи ахлоқига оид мақоласини ўқиб таъсирландим ва ўз муносабатимни билдиришга қарор қилдим.
Катта устозлар “Илм тафаккурнинг акси, бадиий асар қалбнинг ҳайқириғи”, деб таъкидлашарди. Ҳақиқатан ҳам инсон ижод қилиб, ўзи билан ўзи ёлғиз қолади. Гоҳи Яратганга юзланади, гоҳи тафаккурига мурожаат қилади. Келинг, мақолалар яратилиши ва унга шерик бўлиш ахлоқи ҳақида тўхталайлик.
Мақола муаллифи тўғри таъкидлаганидек, илмий изланиш олиб бораётган ёшлар эндигина илм эшигини тақиллатиб, катта майдонга кириб келади. Ёш тадқиқотчилар ўзлари танлаган мавзу ёки йўналишларда илмий изланиш олиб боради, шу йўлда туртиниб, суртиниб, қимтиниб нималарнидир қоғозга туширишга ҳаракат қилади.
Илм дунёсида ўзлигини излаётган ёшлар, албатта ёзган мақоласини кимгадир кўрсатганда, мақолани чоп этмоқчи бўлганда қаттиққўл ёки бир талай талаблари бор ноширлар тақризлар талаб қилади. Шунда ёш тадқиқотчи, албатта устози ёки илмий раҳбарига мақоласини кўриб беришни илтимос қилади. Мақола яхши ёзилган бўлса, унга “устозлар” ҳаммуаллиф бўлишни таклиф этади. Профессор ёки таниқли олимнинг исми, шарифи ёш тадқиқотчининг мақоласи тепасида турса, гўёки катта обрў келади. Аслида ёш изланувчиларнинг мақолада кўтарган янги ғоялари, илмий қарашлари ёки хулосалари устознинг ҳам улушдорлигини кўрсатади.
Бугунги кунда илмий даража учун ёзилаётган илмий мақолалар ёки ихтиролар учун олинаётган патентларга устозлар шерик бўлиб қолмоқда. Ёшлар эса мақолаларига устозларини шерик қилмаса, мақола чиқмайди ёки илмий тадқиқот натижалари ёруғлик кўрмайди.
Эйнштейндай буюк даҳо ўзининг “нисбийлик назарияси”ни ёшлигида яратган, уни йиллар давомида илмий доираларда баён қилган, ўз қарашларини тақдим этган. Германия, Туркия ва АҚШнинг илмий доиралари олимнинг ғоя ва илмий фаразларидан баҳраманд бўлишган. Олимнинг дунёни илмий тасаввур қилиш мумкин бўлган янги ғояларини бугунга қадар тадқиқотчилар илмий изланишларининг асоси сифатида белгилаб олишган. Олим ўзининг мақолалари ёки йирик асарларига устозлари ёки университетлар раҳбарларини шерик қилиб олмаган эди.
Бастакор Вольфганг Амадей Моцарт кун кечириши қийин бўлган бир ҳолатда ҳам бошқаларга буюртма асосида мусиқа асарлари ёзиб берар эди. Сарой композитори ва дирижёр Антонио Сальери Моцартдан ҳақ эвазига асар ёзиб беришни буюртма қилганда Моцартнинг биринчи талаби унинг асарларига ташқаридан бошқаларнинг шерик қилинмаслиги эди. Шундай экан, ёш тадқиқотчилар томонидан мақола ёки бирор илмий асар ёзилдими, уларга ҳам катта олимлардек муносабатда бўлайлик.
Дунёни ўзгартирганлар айнан ёшлигиданоқ жамият кўз ўнгида намоён бўлишган. Ёшлар балки илмда ҳали ғўрдир, лекин улар ҳам чуқур изланишда. Ўзлари танлаган мавзулар бўйича илмий изланишлар олиб борар экан, кўплаб адабиётларни ўрганишларига тўғри келади. Уларнинг устозлар наздида оддийгина бўлиб туюлган мақолалари эртага йирик асарларга айланиши ҳеч гап эмас.
Бугун жамият, дунё ўзгараяпти. Нашриётлар, журналлар мақолалар ва илмий асарларга талабларини қайтадан кўриб чиқишлари лозим. Таниқли олимларнинг бирорта мақоласи ёки асаридан ёшлар ўз ижод маҳсулларига иқтибослар киритмаса, уларнинг илмий материаллари чоп этилмаслиги ёки диссертациялар ҳимояси даврида турли эътирозлар билдириш каби талабларни бекор қилиш керак. Масалан, ёш математик тадқиқотчи ўзининг илмий асарида бирор-бир тенглмани янги усулда ечиш йўлини кўрсатиб, мақсадга эришса, унга қандай қилиб устози шерик бўлиши мумкин. Мен ёшларнинг илмий раҳбарлари, таълим муассасалари турли даражадаги раҳбарларининг бундай амалиётдан узоқроқ бўлишларини истар эдим.
Мақола ёки бошқа илмий асар юқорида таъкидлаганимиздек, инсоннинг кузатишлари, илмий изланишлари ва тафаккури мевасидир. Яратилган янги ғоя ва қарашлар ёки хулосалар фақат унинг яратувчисига тегишлидир. Бу талаб Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунида ҳам қатъий белгилаб қўйилган.
Мамлакатимизни дунёга танитишда илм-фаннинг ўрни катта. Афсуски, бугунги кунда дунёда жуда кам олимларимиз, айниқса, ёш тадқиқотчиларимизнинг номи айланиб турибди. Дунё университетларида маҳаллий олимларимиз ва тадқиқотчиларимиз асарларидан кам фойдаланилаяпти.
Катта марраларни ўзимизга мақсад қилиб олган эканмиз, илм йўлида шижоат билан меҳнат қилаётган ёшларни иззат қилайлик, мустақил ҳар бир яратган асарларига ҳурмат билан қарайлик. Улар яратган илмий натижаларга шерик бўлишнинг ҳам чегараси бор. Илмда ахлоқ ва одоб қоидаларини қўллаш ҳам бир маданият. Ёшларга мустақил ижод қилишлари учун шароит яратайлик, уларни қўллаб-қувватлайлик. Зеро, бугунги ёшлар эртанги алломалардир.
Бобоқул ТОШЕВ,
юридик фанлар доктори.