Имом Мотуридий мажмуаси кенгаймоқда

Самарқанд шаҳридаги Шарқ маҳалласида жойлашган Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани сабабли шу ҳудудда жойлашган 240 та аҳоли хонадонларини кўчириш ишлари давом эттирилмоқда.

- Мажмуани кенгайтириш мақсадида маҳалламизда жойлашган 100 дан зиёд хонадон эгаларининг розилиги билан кўчириш ишлари олиб борилмоқда, - дейди Шарқ маҳалласи раиси Бахтиёр Тўхтамуродов. - Уй эгаларига ўзлари хоҳлаган ҳудуддан уй-жойлар ажратилмоқда ёки бозор нархларида пули берилмоқда.

Шунингдек, кўчириш ишлари мажмуа атрофида жойлашган Дари Занжир, Фидойилар, Зомини ва Ёмини маҳаллаларида ҳам олиб борилмоқда.

Ҳудудда “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вилоят филиали, “Самарқанд сув таъминоти” АЖ каби коммунал хўжалик ташкилотлари ходимлари лойиҳалар асосида табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ҳамда интернет алоқа тармоқларини кўчириш ишларини олиб бормоқда.

Бугунги кунда қадим "Чокардиза" қабристонининг 2,5 гектарга яқин ҳудудда жойлашган Имом Мотуридий мажмуаси қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг 4,5 гектар жойни эгаллаши кўзда тутилган.

- Лойиҳага кўра, мажмуа бутун дунё мусулмонлари келиб зиёрат қиладиган йирик қадамжога айланади, - дейди “Маданий мерос ЛИТИ” МЧЖ бош директори Жаҳонгир Раҳмонов. – Дастлаб мақбара тўлиқ таъмирдан чиқарилади. Шунингдек, бу ерда 100 кишилик катта айвон, эркак ҳамда аёл намозхонлар учун масжид, 120 кишига мўлжалланган таҳоратхона қурилади. Иккита минора, 137 та автобус ва енгил машина сиғадиган автотураргоҳ, 2 та фавворали ҳовуз қурилади. Янги қуриладиган илмий марказда кутубхона ва мажлислар зали жойлашади. Шунингдек, минг туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, боғ яратилади.

Мажмуада бир нечта кичик айвончалардан ташқари, эсталик совғалар ва китоблар дўконлари, шунингдек, махсус кушхона ҳам барпо этилади.

Имом Мотуридий зиёратгоҳи раҳбари Улуғбек Алимовнинг айтишича, шу вақтгача Малайзия, Индонезия, Туркия, Россия давлатларидан зиёратчилар келган бўлса, эндиликда Сурия, Жазоир, Миср ва Ироқдан ҳам меҳмонлар сони ошмоқда. Айни пайтда ҳам мажмуа зиёратчилар учун очиқ.

Қурилиш-таъмирлаш ишлари жорий йил якунигача тугаши кўзда тутилган.

Дилмурод Тўхтаев,

Бахтиёр Мустанов (фото).