Индонезиялик кино ижодкорлар томонидан Самарқанд, Тошкент ва Бухорода “Ҳижрат орзуси” номли кино олишади
Бу масала Ўзбекистон элчихонасида Буди Юлиантон бошчилигидаги Индонезия кино ижодкорлари гуруҳи билан учрашувда муҳокама қилинган. Мулоқот давомида индонезиялик кино усталари томонидан "Ҳижрат орзуси" номли бадиий фильмнинг айрим қисмларини Ўзбекистон ҳудудида суратга олиш масалалари муҳокама қилинган.
Мазкур бадиий фильм 90 минутга мўлжалланган бўлиб, унинг воқеаларини Индонезия пойтахти, мамлакатнинг манзарали Белитунг ва Багор оролларида ҳамда Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида суратга олиш мўлжалланган.
Қайд этилишича фильм тайёр бўлгач, Индонезиянинг барча йирик шаҳарларида ва марказий телевидение каналлари орқали эфирга узатилади ҳамда бошқа давлатлар кино бозорига олиб чиқиш кўзда тутилган.
Буди Юлиантон мазкур бадиий фильмнинг кенг прокатга чиқиши Индонезия халқи ўртасида Ўзбекистонга бўлган қизиқишнинг янада ортишига ва сайёҳлар оқимининг кескин ошишига олиб келишини таъкидлади.
Бўлиб ўтган учрашув якунида Индонезия кино ижодкорлари гуруҳининг мамлакатимизга сафарини Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари кўмагида ишлаб чиқиш тўғрисида келишиб олинди.