Инсон қаерда ва қачон эркин бўлади?

Бир гапни айтиб чарчамайман: “Янги Ўзбекистон ота-боболар чироғи ёниқ хонадонга ўхшайди. Инсон қаерда ва қачон ўзини эркин ҳис этади? Фақат унинг ҳуқуқлари ўз конституцияси билан қамраб олинган, орзулари ушалишга ишонч яратган ва она бағри каби ҳузурбахш бўлган қадрдон Ватанида, албатта”. 

Гап шу ҳақда борар экан, кейинги 4 йилда юзага келган жуда кўп ўзгаришларни эътироф этиш мумкин. Хусусан, Президентимиз жорий йил 22 июнда "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармонни имзолади. 

2020 йилнинг 24 январи. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга мурожат қилди. Унда узоқ муддатлар, 1995 йилгача Ўзбекистонга келиб, яшаб, она заминнинг мусаффо ҳавосидан баҳраманд бўлаётган одамларга фуқаролик берилади, деган бағрикенглик тамойилларига мос таклифни илгари сурди. Бу инсон ҳуқуқларининг энг муҳим шарти бўлган шахснинг фуқаролигини тиклаш масаласи эди. 

Тасаввур қилинг, шу ўлкада яшайсиз. Турмуш ўртоғингиз қўшни давлатдан. Болалар катта бўляпти. Нима қилмоқ керак? Оилада тушунмовчиликлар... “Қуда-анда бўлиши ҳам қийин энди” дейишади шу муаммо гирдобида қолганлар. Шу тариқа, Президентимизнинг ўтган галги Мурожаатномаси ижобати ўлароқ, 50 мингдан зиёд кишига Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди. Энди улар бу ғамхўрликни мўъжизавий воқеа сифатида қабул қилмоқда. Қувонч кўз ёшлари ҳаммани тўлқинлантириб юбормоқда. 

Бу галги Мурожаатномада Шавкат Мирзиёев энди 2005 йилгача Ўзбекистонда доимий яшаб келаётганлар (улар сони 20 минг нафар) га худди шундай мақом берилишини эълон қилди. Бу чин маънодаги инсонийлик намунаси эмасми? 

Ёки Суриядаги жаҳаннамлар майдонида сарсон-саргардон юрган ўнлаб хотин-қиз ва болаларнинг юртимизга қайтарилишини эсланг... Бу давлат раҳбарининг бағрикенглик сиёсати, инсон қадр-қимматига бўлган меҳри натижаси эмасми? Бу – барча ўзбекларнинг конституциявий ҳуқуқлари таъминланиши эмасми? 

Бу галги Мурожааатномада давлатимиз раҳбари яқинда яна 86 нафар фуқаро (хотин-қиз ва болалар)ни Суриядан қайтарилганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Президенти ҳар бир миллатимиз вакилига худди шундай, энг юксак эҳтиром кўрсатаётгани ҳаммамизни бир мақсад - юрт равнақи йўлида бирлаштириши аҳамиятли эканини унутмайлик! 

Наврўз РИЗАЕВ, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.